АсосийЖАМИЯТ

Мудофаа вазирлиги қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганлар учун ҳарбий имтиёз олиш учун тест синовлари бошланди

Мудофаа вазирлиги қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ўғлонлар олий таълим муасс...

'Мудофаа вазирлиги қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганлар учун ҳарбий имтиёз олиш учун тест синовлари бошланди'ning rasmi

Мудофаа вазирлиги қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ўғлонлар олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча балл берадиган имтиёзли тавсияномани қўлга киритиш учун тест топширишмоқда. Бу ҳақда вазирликнинг Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Тошкент Давлат аграр университетида бўлиб ўтган тест синовларида Тошкент ҳарбий округи ҳудудидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда ўз бурчини ўтаётган Ватан ҳимоясидаги йигитлар ўзларининг эгаллаган билим ва кўникмаларини намоён қилдилар.

Талабгорлар жанговар, маънавий-маърифий тайёргарлик, математика, физика ва мантиқдан тест топширдилар. Уларга аввал Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ходимлари йўриқнома ўтказишди. Назоратчилар гувоҳлигида тест топшириқлари китоблари муҳри очилиб, тарқатилди. Тест синовларини бажариш ва жавобларини белгилаш учун 3 соат вақт ажратилди.

– Аскарларнинг билими 100 та савол асосида баҳоланмоқда, —  дейди Давлат тест маркази ходими Содиқжон Талипов. — Имтиҳон жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида кузатув камералари ўрнатилди. Тест жараёнидан кимдир норози бўлса, жавоби эълон қилингандан кейин икки кун ичида мурожаат қилиши керак. Агар ўзларидан хатолик ўтиб, белгиланган тартиб-қоидаларни бузса, тестдан четлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга ҳарбий қисмлар қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар, улар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқаролар республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўладилар.

Тест синовлари барча ҳудудларда ўтказилмоқда.

    Бошқа янгиликлар