Кеча, 25 январь куни Қозоғистон делегацияси Навоий вилоятида бўлиб, унинг туристик салоҳияти билан яқиндан танишди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Ахборот хизмати маълум қилди.
Тур давомида Нурота туманидаги «Чашма» комплекси ва Қозоқ халқининг буюк кичик жуз аждодларидан бири бўлган «Айтекий Бий» зиёратгоҳи, Конимех тумани «Конимех Эко Парк» дам олиш масканларига ҳамда Кармана туманидаги «Мавлоно Ориф Деггороний», «Қосим-Шайх», «Мирсаид Бахром», Қизилтепа туманининг «Тош масжид» каби маданий мерос объектлари бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Қозоғистон туризми соҳасидаги йирик вазирлик ва ассоциациялар билан соҳасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, Навоий вилоятида зиёрат туризмини янада ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Тадбир доирасида Навоий вилоятида ҳамда Қозоғистонда фаолият олиб бораётган йирик сайёҳлик компаниялари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик келишувларига эришилиб, тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳам меморандумлар имзоланди.
Келишувлардан кўзланган мақсад Навоий вилоятининг мавжуд туризм имкониятлари Қозоқистон ОАВда кенг тарғиб этилиши, ҳудудга сайёҳлар оқимини кучайтириш, икки томонлама доимий ҳамкорликни йўлга қўйилиши ва саёҳатчиларни йўналтириш борасида зарур шарт-шароитлар яратилиши, ҳар йили 18 майда «Айтекий Бий» зиёратгоҳида биргаликда юқори савиядаги тадбир ўтказилиши, Навоий вилояти ҳамда Қозоғистоннинг фаол ёшлари ўртасида Навоийда халқаро ёшлар форуми ташкил этилиши, қозоқ киномотогрофлари иштирокида ҳудуднинг тарихий масканлари ва «Айтекий Бий» зиёратгоҳи тўғрисида хужжатли фильм суратга олиниши назарда тутилган.






