Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) ишини сифатли ташкил этиш, уларда автотранспортга хизмат кўрсатилишини яхшилаш мақсадида сиқилган газ сотилиши ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди
Сиқилган газ сотилиши ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизими транспортировка вақтида олинаётган ва юборилаётган маълумотларни аниқ ҳисобга олиш, газ оқими кирими ва чиқимини назорат қилиш имконини бергани ҳолда ҳисоб жараёнида инсон омилини бартараф этишга хизмат қилади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 1070 дан зиёд автомобильга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари айниқса совуқ кунларда уйи АГТКШ яқинида жойлашган истеъмолчилардан доимий равишда газ босими камайиб кетаётганлиги тўғрисида кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда. Газ тақсимотини мувозанатлаштириш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим жорий этилиши билан мазкур муаммо ҳам бартараф этилади.
Янги тизимнинг жорий этилиши Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазрилигига газ оқимини онлайн тартибда назорат қилиш, Давлат солиқ қўмитасига эса сотилаётган маҳсулот ҳисобини шаффоф юритиш имконини беради.