АсосийЖИНОЯТ

Ангренлик шахс 2,5 ёшли қизнинг бошига уриб ўлдириб қўйди

Ангрен шаҳрида содир этилган қотиллик жинояти Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи полковник Тоҳир...

'Ангренлик шахс 2,5 ёшли қизнинг бошига уриб ўлдириб қўйди'ning rasmi

Ангрен шаҳрида содир этилган қотиллик жинояти Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи полковник Тоҳир Арипов бошчилигида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.  Ҳокимликда ўтказилган муҳокамада, Ангрен шаҳар ҳокими, вилоят ИИББ бошлиғининг ўринбосари ва масъул ходимлар, маҳалла раислари, мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда жиноят содир этганликда гумонланган шахс иштирок этди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

ИИББ бошлиғи йиғилишда ўтган йилдаги жиноятлар таҳлилига тўхтатилиб, йўл қўйилган камчиликлар хусусида гапирди. Биргина Ангрен шаҳри мисолида ҳам айрим жиноятлар камайган бўлса, айримларининг ошганини танқид қилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 14 январь куни содир бўлган жиноят – икки ярим яшар қизалоқ ўлимининг олдини олиш мумкинлиги, бунга омил ва сабаб бўлган ҳолатларга алоҳида тўхталди.

Ҳолат юзасидан ҳудудий ИИБ бошлиғи ва ўринбосарлари, профилактика инспектори ва маҳалла раисининг тушунтиришлари тингланди.

Тадбирда, жиноят содир этганликда гумонланган шахс – бир неча ойдан буён таниши билан никоҳсиз яшаб келаётган Анвар Раимов (исми шарифи ўзгартирилган) нинг сўзлари ҳам эшитилди.

Унга кўра: Анвар таниши Зилола (исми ўзгартирилган) ва унинг 2018 йилда туғилган қизи билан бир неча ойдан буён ижара уйда яшаб келган. 14 январь куни эса Зилола қизини уйда қолдириб дўконга чиқиб кетган. Шу вақтида бола йиғлаб хархаша қилгани учун уни тинчлантириш мақсадида Анвар боланинг бош қисмига урган ва шу билан қизалоқ жим бўлиб қолган. 

Ҳолат юзасидан тайинланган экспертиза хулосасига кўра қизалоқ олган тан жароҳатлари юзасидан вафот этганлиги тасдиқланган.

Гумонланувчи йиғилишда ўз пушаймонлигини билдириб, халқдан узр сўради.

Тоҳир Арипов ўз сўзида шаҳар ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган профилактик чора-тадбирлар етарли даражада ташкил қилинмагани, шу каби назоратга ҳам олинмаганини биргина шу жиноят мисолида асослантириб берди.

    Бошқа янгиликлар