Кеча, 28 январь куни кечқурун Ню-Деҳлидаги Исроилнинг элчихонаси яқинида портлаш содир бўлди. Исроил ҳукумати бу ҳодисани теракт деб атади. Бу ҳақда Исроил расмийларига асосланиб, Reuters хабар бермоқда.
Ўз навбатида, Исроил давлат радиоси "Кан" Исроил ва Ҳиндистондаги манбаларига таяниб, воқеани "Исроил элчихонасига қарши қаратилган хавф" сифатида талқин қилди. Таъкидланишича, дунё бўйлаб Исроил миссияларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Aввалроқ НДТВ телеканали полициядаги манбаларига асосланиб, жума куни Ню-Деҳли марказидаги Исроил элчихонаси ёнида портлаш содир бўлганлигини маълум қилганди. Унга кўра, кам қувватли қўлбола портловчи мослама портлашга сабаб бўлган эди. Ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот йўқ, портлаш жойи ўраб олинган.

Портлаш Вижая Човк майдонидан икки километр нарида содир бўлган, у ерда Президент Рам Нат Ковинд, Бош вазир Нарендра Моди ва бошқа юқори мартабали ҳукумат амалдорлари Республика куни тантаналари тугашига бағишланган маросимга йиғилган эди.







