1

Янги тайинланган Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Президентдан муҳим топшириқ олди

СИЁСАТ 29.01.2021, 21:47
Янги тайинланган Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Президентдан муҳим топшириқ олди

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган Фурқат Маҳмудхўжаев Президент Шавкат Мирзиёевдан муҳим топшириқ олди, дея хабар беради “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов. Президент топшириғига кўра, Олмазор туманидаги 58 та маҳаллалардаги мактаблар маълум бир тарихий шахс, миллий анъаналаримиз, маданиятимиз ёки Тошкент тарихига ихтисослаштирилади.

Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳақида гапирар экан, 58 та маҳалла шу даргоҳга муносиб бўлиши керак, деди Президент.

Шунингдек, бу шунчаки гап бўлиб қолиб кетмаслиги, Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан тасдиқланиши кераклиги ҳам айтилди.

ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ ҲАҚИДА 

Тошкентнинг машҳур Хастимом мажмуаси ҳудудидаги 7 гектарлик майдонда барпо этилаётган Ислом цивилизация маркази узунлиги 145 метр, эни эса 115 метрни ташкил этиб, бино уч қаватдан иборат бўлади. Бинонинг маркази гумбази баландлиги 64 метрни ташкил этади.

Биринчи қават - илмий-тадқиқот маркази, реставрация ва электрон нусха олиш лабораторияси, музей экспонатлари ва нодир қўлёзмаларни сақлаш фондлари, 200 кишилик замонавий кафетерий, музейга кириш вестибюллари ва чиптахоналардан иборат бўлади.

Иккинчи қават - мазмуни ва экспонатлар хилма хиллиги бўйича бетакрор, мавзуий йўналишлар бўйича шакллантирилган, энг замонаваий технологиялар асосида намоиш этиладиган, ислом оламининг бебаҳо меросидан намуналар турли ноёб экспонатларни ўз ичига олган, қарийб 15 000 кв.метр кўргазма залига эга музей жойлашади. Музейнинг энг марказида, 50 метр баландликдаги гумбаз остида бутун Ислом оламининг дурдонаси ҳисобланган Усмон мусҳафи ўрин олади.

Учинчи қават - Ислом дунёсининг тамаддунига оид 100 мингдан ошиқ қўлёзмалар ва уларнинг электрон кўринишиларини қамраб олган, шунингдек, барча турдаги замонавий даврий нашр манбаларига эга бўлган кутубхона жойлашади. Марказ юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, дин ва маърифат мавзуидаги замонавий китоб ва нашр махсулотларнинг энг йирик асл ва электрон кўринишдаги маълумотлари базаси, 100 минггача қўлёзмалар фондига эга кутубхонага эга бўлади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1