“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 апрелдаги “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4664-сонли Қарорига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводи томонидан автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси биржа савдоларига жаҳон биржаларидаги Brent нефти котировкаларига боғлаб қўйган ҳолда шаклланган бошланғич нархларда қўйиб борилмоқда. Хусусан, ўтган ҳафтанинг 18-21 январь кунлари 1 баррель Brent нефтининг ўртача котировкаси – 55,22 долларни, бунда минимал кўрсаткич – 54,51 долларни, максимал кўрсаткич – 56,12 долларни ташкил этди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводида “QUWatt” бренди остида автобензин ва дизель ёнилғиларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу бренд остидаги АИ-95 русумли автобензини Германиянинг "BASF SЕ" компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилмоқда.
“QUWATT” АИ-95 русумидаги автобензин қуйидаги афзалликларга эга:
- двигателларда тозаликни сақлашнинг мукаммал таъсирига эришиш имконини беради;
- клапанлардаги ҳосил бўладиган қатлам миқдорини 4 мг/клапан қийматидан ошмаслигини таъминлайди;
- двигатель клапанларини қатламлардан юқори даражада, яъни 80% гача тозалаш имконини беради;
- автомобиль двигатели қувватини оширади ҳамда ёқилғини 3% гача тежалишига эришилади;
- қиш мавсумида двигателнинг узлуксиз ишлашини таъминлайди;
- двигатель ёнилғиси тизимида, шунингдек, бензинни ташиш ва сақлаш жараёнларида коррозияга йўл қўймайди.
2021 йилнинг биринчи ўн кунлигининг ўзидаёқ, 480 тонна “QuWatt” бренди остида АИ-95 русумидаги автобензин ишлаб чиқарилди ва республика товар хомашё биржаси орқали сотувга қўйила бошланган.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан биржа савдоларига қўйилган автомобиль бензини ва дизель ёқилғисининг шаклланган бошланғич нархлари (1 тоннаси учун) қуйидагиларни ташкил этди:
Автомобиль бензини:
•Аи-80 маркали – ўртача 5 895,6 минг сўм (минимал – 5 842,3 минг сўм, максимал – 5 954,9 минг);
•Аи-91 маркали – ўртача 6 781,7 минг сўм (минимал – 6 719,8 минг сўм, максимал – 6 850,5 минг сўм);
•Аи-92 маркали – ўртача 6 924,9 минг сўм (минимал – 6 861,6 минг сўм, максимал – 6 995,1 минг сўм);
•Аи-95 маркали – ўртача 8 996,2 минг сўм (минимал – 8 910,1 минг сўм, максимал – 9 091,8 минг сўм);
Дизель ёқилғиси:
•ЭКО маркали – ўртача 7 540,4 минг сўм (минимал – 7 468,0 минг сўм, максимал – 7 620,8 минг);
•Евро-4 маркали – ўртача 7 699,5 минг сўм (минимал – 7 625,9 минг сўм, максимал – 7 781,2 минг);
•Евро-5 маркали – ўртача 7 844,5 минг сўм (минимал – 7 769,7 минг сўм, максимал – 7 927,6 минг).