АсосийJamiyat

Устюртда илк бор 4300 метр чуқурликдан табиий газ қазиб олина бошланди

'Устюртда илк бор 4300 метр чуқурликдан табиий газ қазиб олина бошланди'ning rasmi

Тегишли қарор ва дастурларга асосан, Устюрт регионидаги “Қуйи Сургил” конидаги 14-сонли қудуқда 3800 метр чуқурликда бурғилаш бошланган бўлиб, ушбу кондаги қудуқнинг 3700 метр ва ундан ортиқ чуқурлигидан олинган янги геологик маълумотларни таҳлил қилиш жараёнида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари томонидан ушбу майдоннинг қуйи Юра ётқизиқларида илгари маълум бўлмаган, янги табиий газ қатламлари аниқланган. 

“Қуйи Сургил” кони ҳудудида аниқланган янги қатламларнинг истиқболларини баҳолаш мақсадида, соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда, ушбу қудуқни 4300 метр чуқурликкача бурғилашга қарор қилинган. Бурғиланаётган қудуқни чуқурлаштириш йўли билан янги геологик маълумотлар олинишини таъминлаш, кондаги янги қатламларнинг нефть-газлилик истиқболларини ўрганиш ва унда геология-қидирув жараёнларидаги ишларнинг ҳам вазифаларини бажариш орқали ушбу мақсадларга йўналтириладиган молиявий маблағларни иқтисод қилиш вазифалари ҳам юклатилди. Белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида, “Қуйи Сургил” конидаги 14-қудуқ 4300 метрга самарали бурғиланди ва 3700 – 4300 метр оралиқда янги аниқланган истиқболли қатламларни синаш ишлари амалга оширилди. 

Синов ишлари натижасида қудуқдан саноат миқёсидаги табиий газ ва газ конденсати маҳсулотлари олишга эришилди. Дастлабки тезкор маълумотларга асосан, олинган маҳсулотларнинг ҳажми суткасига 900 минг куб метрдан ортиқ табиий газ ва 20 тоннага яқин газ конденсатини ташкил қилади.

Ҳозирда қудуқда янги табиий газ уюмларининг босимларини ва кон-геологик параметрларини аниқлаш ҳамда унинг саноат миқёсида ишлаб чиқариш қувватларини баҳолаш мақсадида, геологик-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. “Қуйи Сургил” конининг остки чуқур қисмида табиий газ захираларига эга бўлган янги қатламларнинг аниқланиши “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари учун геология-қидирув ва конларни ўзлаштириш борасидаги янги йўналишларни очиб бериши билан бир қаторда, Устюрт региони бўйича табиий газ ва газ конденсати захираларини ўстиришга ҳам замин яратди. 

Ушбу янги йўналиш Устюрт ҳудудидаги конларни ишлатиш борасида амалга оширилган тадбирларнинг иқтисодий жиҳатдан самарадор эканлигини тасдиқлаш билан бир қаторда, регионда олиб борилаётган геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, янги конларни очиш ҳамда углеводород захираларини ўстириш борасидаги барча режаларни янги йўналишга мувофиқ ҳолда олиб бориш учун пойдевор вазифасини бажаради.

Бошқа янгиликлар