АсосийJamiyat

Миллат саломатлиги учун муҳим қарор ва дастур қабул қилинади

'Миллат саломатлиги учун муҳим қарор ва дастур қабул қилинади'ning rasmi

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада оналар ва болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳага асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4887-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда 15 ёшгача болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситаларини бепул тарқатиш тизимини шакллантириш кўзда тутилган. 

Ҳужжатга мувофиқ, республикада оналар ва болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида шундай тартиб ўрнатилиши белгиланганки, унга кўра:

а) 2021 йил 1 июндан бошлаб:

— 6 — 23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;

— 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар «A» витамини билан;

— 2 — 10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланади;

б) 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

— ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3 — 15 ёшдаги болалар йод препарати билан;

— 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланади;

Шунингдек, ҳужжат билан 2021 — 2025 йилларда 15 ёшгача болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ҳамда республикада аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш учун харид қилинадиган, 15 ёшгача болалар ва ҳомиладор аёлларга поливитамин махсус комплексларини ва болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари харид қилиш, тақсимлаш ва ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш кўзда тутилган.

Ҳужжатда, Молия вазирлиги 2022 — 2025 йилларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган буюртманомалари бўйича 15 ёшгача болалар ва ҳомиладор аёлларга поливитамин махсус комплексларини ва болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситаларини сотиб олишга зарур маблағларни назарда тутиши лозимлиги белгиланган.

    Бошқа янгиликлар