Буюк Британияда аниқланган коронавируснинг янги штаммининг болалардаги аломатлари ҳақида Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Севара Убайдуллаева ССВ Матбуот хизматига қуйидагиларни маълум қилди:
Унга кўра, болаларда учраган коронавирус “британча” штаммининг симптомлари қуйидагилардан иборат:
- бош оғриғи;
- тана хароратининг кўтарилиши;
- қоринда оғриқ;
- кучли холсизлик;
- иштаханинг йўқолиши;
- тилдаги шиш ёки қизариш (“қулупнайсимон” тил);
- яноқлар ва кафтларнинг қизариши;
- баъзи болаларда мультитизимли яллиғланиш синдроми, токсик шок, миокардит каби ҳолатлар ҳам кузатилиши мумкин.
“Британча” штамм кенг тарқалаётган бўлса-да, олимлар томонидан уни ўрганиш давом этмоқда. Вирус касалликнинг енгил ёки симптомларсиз кечувида ҳам турли хил асоратлар келтириб чиқараётгани аниқланган.
Мутахассис юртдошларимиздан ўз соғлиқларини асраш учун қуйидаги талабларга риоя қилишларини сўради:
- британча штамм тарқалган давлатларга вақтинча бормай туриш;
- оилада, кўчаларда, корхоналар ва ташкилотларда карантин қоидаларига риоя қилиш;
- болалар кўп бўладиган масканлар – мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар ва коллеж, лицей, техникум ҳамда олий таълим муассасаларида карантин қоидаларига риоя қилиш;
- доимий равишда ниқобларни қоидага риоя қилган равишда тақиш, ижтимоий масофани сақлаш ва қўлларни совунлаб ювиш ёки антисептик воситалар билан ишлов бериш;
- витаминларга бой маҳсулотлардан тайёрланган овқатларни истеъмол қилиш;
- доимий жисмоний фаоллик билан шуғулланиш.
Шамоллаш аломатлари пайдо бўлса, оилавий шифокорга мурожаат қилиш, ўз вақтида шифокор назоратидан ўтиш ва самарали даволаниш талаб этилади. Шу билан касалликни ёки унинг асоратларини олдини олиш мумкин.






