2020 йилда пандемия шароитида Омбудсман бошчилигида 42 маротаба жазони ижро этиш муассасалари, 9 маротаба вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, 8 маротаба ички ишлар органлари, 6 маротаба тергов ҳибсхоналари, 5 маротаба маъмурий қамоққа олинганларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар, 2 маротаба муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари, 4 маротаба карантин мажмуаси ва коронавирус билан касалланганларни даволашга ихтисослашган марказларда мониторинг ўтказилди. Уларда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган 4 минг нафардан ортиқ шахслар билан жамоавий, 578 нафар шахс билан индивидуал учрашув ташкил этилди.
Ўзбекистон Президенти томонидан қийноқларнинг олдини олиш бўйича назоратни кучайтириш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва махсус қабулхоналар ҳамда шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларда мавжуд ҳолатни ўрганиш мақсадида Омбудсман ҳузурида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик вакилларидан иборат Эксперт гуруҳи томонидан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш мақсадида Миллий превентив механизм доирасида 13 ва 7-сонли жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Биргина, Тошкент вилоятидаги 13-сонли жазони ижро этиш муассасасида ҳозирда 1 минг 100 га яқин маҳкумлар жазо муддатини ўтамоқда. Муассаса ҳудудида тикувчилик, дурадгорлик, юмшоқ мебель ясаш ва бошқа касб-ҳунарга ихтисослашган жами 14 та цех мавжуд.

Маҳкумларга ишбай асосда ҳақ тўланиб, кунлик норма тўлиқ бажарилган тақдирда уларга кунига 29 минг сўм иш ҳақи ҳисобланади. Нормани ошириб бажарганларга кўпроқ ва аксинча, кам ишлаганларга камроқ кунлик маош ҳисобланади. Муҳими белгиланган нормани тўлиқ бажара олмаганлик учун жавобгарлик белгиланмаган.
Маҳкумларнинг узоқ муддатли оилавий учрашувлари учун 16 та хона ажратилган. Колонияда 5 та телефон ўрнатилган бўлиб, график асосида маҳкумлар 10 дақиқагача яқинлари билан пуллик асосда гаплашиши мумкин. Муассаса масъулларининг сўзларига кўра, яқин кунларда маҳкумлар учун онлайн видеомулоқот қилиши учун ҳам имконият яратилади.
Қийноқларнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида муассасага 80 та кузатув камераси ўрнатилган бўлиб, яқин кунларда яна 640 дан ортиқ нуқталарга видеокузатув мосламалари ўрнатилиши режалаштирилган.
Мониторинг давомида Эксперт гуруҳи аъзолари томонидан муассасаларда сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибдаги учрашувлар ўтказилди.
Жамоавий учрашувда маҳкумларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтилиб, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ҳолатлари юзага келган тақдирда Омбудсманга мурожаат қилиши кераклиги тушунтирилди. Якка тартибдаги қабулларда эса муассасада уларга қандай муносабатда бўлаётганликлари, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ ҳолатлар бор ёки йўқлиги, маҳкумлар учун яратилаётган шарт-шароитлар юзасидан фикрлар ўрганилди.
Аниқланишича, ушбу мониторинг давомида маҳкумлардан муассасада яратилган шароит ва қийноққа солиш масалаларида ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаган.
Таъкидлаш жоизки, маҳкумлар ўзига нисбатан тазйиқ ёки бошқа ноқонуний ҳолат бўйича ўз вақтида мурожаат қила олишлари учун ҳар бир жазони ижро этиш муассасаларида “Омбудсман қутиси” ўрнатилган бўлиб, уни фақатгина шахсан Омбудсман мутахассислари очиш ҳуқуқига эга.
Мониторинг ташрифи давомида жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган “Омбудсман қутиси”га келиб тушган мурожаатлар қабул қилиб олинди. Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли муассасалар раҳбарларига зарурий тавсиялар берилди.
Омбудсман ҳамда Омбудсман ҳузурида жамоатчилик вакилларидан иборат Эксперт гуруҳи томонидан жазони ўташ муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида мониторинглар давом эттирилади.






