АсосийJamiyat

Қурилиш вазирлиги: Бухородаги "портлаган уй" ноқонуний қурилиш бўлган

'Қурилиш вазирлиги: Бухородаги "портлаган уй" ноқонуний қурилиш бўлган'ning rasmi

2021 йил 04 февраль куни Бухоро шаҳар, И.Каримов кўчаси йўл ёқасида жойлашган 9 қаватли уйнинг 3-қаватидаги хонадонда газнинг сизиб чиқиши натижасида портлаш юз бергани ҳақида хабар берган эдик.

Қурилиш вазирлиги ҳолат бўйича қўшимча маълумотларни эълон қилди.

Хабарда айтилишича, “WHITE GROUP TRADING” МЧЖ (раҳбари Кароматов Жамшид Жалолович) томонидан ўзбошимчалик билан мазкур кўп қаватли бинонинг қурилиш ишлари бошланган бўлиб, бу ҳақида Қурилиш Бош бошқармаси ва ҳудудий инспекция томонидан (2019 йил 16 январдаги №48- ва 49-сонли хатлар билан Бухоро шаҳар ҳокимлиги ва прокуратурасига) маҳаллий ҳокимият ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қонуний чора кўриши учун хабардор қилинган.

“Бухоро шаҳар ҳокимининг 2019 йил 7 июлдаги 2894-сонли қарори билан Бухоро шаҳрининг И.Каримов кўчаси 7-уй манзилида жойлашган 12 та хонадон ва 9-уйда жойлашган 12 та хонадон, шу билан бирга ҳудуддаги савдо дўконлари эгалари билан тузилган келишув битимлари инобатга олиниб, 1220 кв.метрда жойлашган ер участкасида “WHITE GROUP TRADING” МЧЖ га 1- ва 2-қаватлари савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш ва юқори қаватларида кўп хонадонли турар-жой биноси қурилишига рухсат берилган. Мазкур қарорга асосан вилоят Қурилиш бош бошқармаси томонидан 2020 йил 26 июлда 1578-сонли архитектура-режалаштириш топшириғи тайёрланиб, лойиҳа ташкилоти “Аркада Архстрой Сервис” ХК томонидан 1-қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш 7-8 қаватли турар жой биносига лойиҳа ечимлари ишлаб чиқилган.

Лойиҳа вилоят шаҳарсозлик кенгашида тасдиқланмаган ва ижобий экспертиза хулосаси олинмаган. Шунингдек, Бухоро вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рўйхатдан ўтмасдан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган. Шаҳарсозлик ҳужжатларини тўлиқ расмийлаштирмасдан қурилиш ишларини олиб бораётганлиги учун инспекция ходимлари томонидан “WHITE GROUP TRADING” МЧЖ раҳбарига огоҳлантириш ҳам берилган. Вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда прокуратура органларига бир неча бор ноқонуний қурилиш олиб бораётган “WHITE GROUP TRADING” МЧЖ га нисбатан чора кўриш учун (2020 йил 13 июлда 1029, 1030 ва 1031-сонли) хатлар чиқарилган. Бундан ташқари тасдиқланган консепция лойиҳасини бузиб, ўзбошимчалик билан қаватлар сонини оширганлиги сабабли ноқонуний қурилаётган қурилмани бартараф қилиш учун Бухоро туманлараро иқтисодий судига даво аризалари киритилган. Бунда даъвогар сифатида инспекциянинг бош мутахассиси ва Бухоро шаҳар қурилиш бўлими мутахассислари иштирок этган. Суд томонидан эса 2020 йил 23 октябрда 4-2001-2003/928-сонли ишнинг ноқонуний қурилмани бартараф қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳудудларда рухсатнома ва шаҳарсозлик ҳужжатларисиз қурилаётган объектларда буюрмачининг техник, лойиҳачининг муаллифлик ва пудратчининг ички назорат тизими тўғри йўлга қўйилмаганини кўрсатмоқда”,–дейилади вазирлик ахборотида.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар