Аввалроқ Ёзёвон туманига янги ҳоким тайинлангани ҳақида ёзган эдик.
Бугун, 6 феврал куни Халқ депутатлари Қува туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуранбоев иштирок этди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёв 5 феврал куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туманлардаги мутасаддиларнинг иш услуби, жойлардаги муаммоларга ҳам тўхталиб ўтиб, қуйи поғонадаги, туман миқёсидаги раҳбарлар ўзига масъулият олмаётганини қайд этганди.
Халқ депутатлари Қува туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида лавозимидан озод этилган Равшан Қурбонов ўрнига янги туман ҳокимини тайинлаш билан боғлиқ ташкилий масала кўрилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан тақдим этилган Ҳалимжон Комилович Умаров номзоди Қува тумани депутатлари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди ва Ҳалимжон Умаров туман ҳокими этиб тасдиқланди.
2019 йил март ойидан бери Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаб келган Ҳалимжон Умаров 1967 йилда туғилган. 2006-2018-йиллар Тошлоқ, 2018-2019 йиллар Қува тумани ҳокими бўлган.