АсосийJamiyat

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида “Multibrand” дўконлари ташкил этилади

'Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида “Multibrand” дўконлари ташкил этилади'ning rasmi

“Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан Чарм-поябзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан республика ҳудудларида ва хорижий давлатларда маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган чарм маҳсулотлари савдосига ихтисослаштирилган “Multibrand” дўконлари ташкил этиш ва унинг электрон савдо платформасини яратилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. 

2021 йил 8 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чарм-поябзал ва мўйначилик соҳаларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Мазкур қарор мамлакатимизда юқори сифатли чарм, поябзал, чарм-атторлик маҳсулотлари, шунингдек, мўйна ва жундан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган. Унга асосан соҳада кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш, замонавий технологияларни жорий этишни рағбатлантириш кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан тегишли тижорат банклари учун 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 7 йил муддатгача, йиллик 4 фоиз ставкаси шартларида кредит линиялари очилади. Кредитлар тадбиркорлик субъектларига замонавий янги ускуна ва технологияларни харид қилиш учун 2 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 7 йил муддатгача, йиллик 6 фоиз ставкасида ажратилади.

Шунингдек ҳужжат билан 2023 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланиладиган хомашё, материаллар ва фурнитуралар рўйхати тасдиқланмоқда.

Ҳужжат асосида “Ойбек-автойўл” (Тошкент вилояти) ва “Сариосиё-автойўл” (Сурхондарё вилояти) чегара ўтказиш пунктларидан қўшни давлат чегарасигача бўлган жойларда эксперимент тариқасида маҳаллий тайёр маҳсулотлар савдосига ихтисослаштирилган савдо нуқталарини ташкил этиш белгиланмоқда.

“Ўзчармсаноат”, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзбекипаксаноат”, “Ўзэлтехсаноат” ва бошқа уюшмалари эса ташкил этиладиган савдо нуқталарини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг сифатли маҳаллий маҳсулотлари билан таъминлайди.

Ҳужжатга мувофиқ, “Ўзстандарт” агентлиги:

икки ой муддатда чарм, пойабзал, чарм-атторлик маҳсулотлари, жун ва мўйнадан тайёрланган буюмларга уларни синовдан ўтказиш усулларига талабларни белгиловчи стандартлар бўйича амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказади ва халқаро меъёрларни ҳисобга олган ҳолда уларни қайта кўриб чиқиб, амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади;

2021 йил 1 мартга қадар чарм, пойабзал, чарм-атторлик маҳсулотлари, жун ва мўйнадан тайёрланган буюмларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, соҳага тегишли бўлган синаш бўйича халқаро, минтақавий ва хорижий давлатларнинг стандартларини асли ёзилган тилларда қабул қилиш чораларини кўради.

Бошқа янгиликлар