Самарқанд давлат университети профессори И.Мирзаев ташаббуси ва бош муҳаррирлиги ҳамда Tadqiqot.uz сайти ҳамкорлигида “Aлишер Навоий” халқаро журнали таъсис этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Самарқанд давлат университети доценти Р.Рузманованинг маълум қилишича, журналда навоийшунослик, шоир адабий меросининг умумжаҳон тамаддунида тутган ўрни ва адабий таъсир масалалари ёритиб борилади. Журнали Америка Қўшма штатларининг Crossref.org тизимига киритилган ҳамда ҳар бир мақолага рақам берилади.
Аллома таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан журналнинг 1-сони эълон қилинди. Унда юртимиз ва хорижлик навоийшунос олимлар – профессор И.Мирзаев, М.Муҳиддинов, Ҳ.Дадабоев, М.Холбеков, Қ.Содиқов, И.Ҳаққул, Д.Салоҳий, Н.Жабборов, У.Жўрақулов, A.Эркинов, Д.Юсупова, Танжу Сейҳан, Олмос Улвий Биннатова, Маре Тоунтант, Aмир Немати Лимаъининг буюк шоир ижодининг долзарб масалаларига бағишланган мақолалари берилди.
Ушбу халқаро электрон илмий журналга мақолалар ўзбек, рус, инглиз, француз, турк, тожик каби тилларда қабул қилинади ва нашр жаҳоннинг турли мамлакатларида амалга оширилаётган навоийшуносликка оид тадқиқотларни ёритиб боришга мўлжалланган.