АсосийЖАМИЯТ

Панжобни меҳмон қилган Наманган: Уч кунлик меҳмондорчилик қанчалик ўзини оқлади?

Бироз аввал Наманган вилоят ҳокимлигида Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар бо...

'Панжобни меҳмон қилган Наманган: Уч кунлик меҳмондорчилик қанчалик ўзини оқлади?'ning rasmi

Бироз аввал Наманган вилоят ҳокимлигида Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар бошчилигидаги Покистон делегацияси қабули бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Расмий қабулдан сўнг покистонлик делегация аъзолари Наманган вилоятидаги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаси юутуқлари билан бир қаторда ижтимоий объектларини ҳам кўздан кечиришди. Умуман олганда, меҳмонларнинг вилоятдаги уч кунлик (6-7-8 февраль) сафари қандай натижалар билан якунланди? Бу албатта, кўпчиликни қизиқтириши табиий.

“3,4 МЛН. ДОЛЛАРЛИК ТАШҚИ САВДО АЙЛАНМАСИ 2 ҲАМКОР ВИЛОЯТ ИМКОНИЯТИ ВА САЛОҲИЯТИГА МОС ЭМАС” – ВИЛОЯТ ҲОКИМИ

Панжоб ва Наманган вилоятлари ҳамкорлиги энди йўлга қўйилаётгани йўқ. 7 февраль куни Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида бўлиб ўтган “Наманган—Панжоб” бизнес-форумида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов шундай деди:

2020 йил давомида Покистон билан Наманган вилоятининг ташқи савдо айланмаси 3,4 млн. долларни ташкил этди. Албатта, бу рақамлар икки давлат, хусусан, Панжоб ва Наманган вилоятларининг бугунги имконияти ва салоҳиятига умуман мос эмас. Вилоят губернатори Муҳаммад Сарвар жаноблари бошчиликларидаги нуфузли делегациянинг Наманганга ташрифи бу камчиликка барҳам беради деган умиддаман. Зеро, Наманган вилояти ўзининг текстиль, ишлаб чиқариш, ҳунармандлик, туризм ва бошқа йўналишлардаги салоҳияти билан покистонлик дўстларимиз ва инвесторларимизни қизиқтира олади, деган эзгу ниятимиз бор. Бизнес-форум давомида корхоналаримиз ва тадбиркорларимиз бу борадаги кўплаб таклиф ва ташаббусларини сизлар билан ўртоқлашади. 

БИЗНЕС ФОРУМ ЯКУНИДА ЭРИШИЛГАН КЕЛИШУВЛАР

Форум якунлари билан ишбилармон доира вакиллари ўртасида B2B ва B2G форматдаги музокаралар ўтказилиб,ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланди.

Енгил саноат:

  • “Namangan Toqimachi” МЧЖ билан “Ejaz group of Companies” компанияси ўртасида текстиль соҳасида ўзаро ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;
  • “Mexmash” МЧЖ билан “AKD Group Holdings (Pvt.) Ltd” компанияси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш;
  • “Namangan Toqimachi” МЧЖ билан “AKD Group Holdings (Pvt.) Ltd” компанияси ўртасида текстиль соҳасида ўзаро ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;

Қишлоқ хўжалиги:

  • Наманган вилояти уруғчилик бошқармаси билан “Fatima Group Corporation” компанияси ўртасида уруғчилик маҳсулотлари етказиб бериш бўйича ўзаро савдо алоқаларини йўлга қўйиш;
  • “Ifoda аgrokimyohimoya” МЧЖ билан “Fatima Group Corporation” компанияси ўртасида минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича инвестицион лойиҳани амалга ошириш;

Туризм:

  • Наманган вилояти туризмни ривожлантириш бошқармаси билан Покистон Ислом Республикасининг “Ўзбекистон—Покистон савдо уйи” ҳамда “Holidays in Central Asia” туристик компанияси ўртасида туризм соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланди.

 

Сардорбек Раҳмонқулов

Тошкент-Наманган-Тошкент

    Бошқа янгиликлар