Наманган вилояти Косонсой туманидаги 212 мингдан зиёд аҳолининг 39548 нафарини ёшлар ташкил этади. Ўтказилган хатловда улардан 4517 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилиб, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали ижтимоий шароитларини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, қишлоқ хўжалигида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойларда янги иш ўринларини яратиш мақсадида жорий йилда туманда 1203 нафар ишсиз йигит-қизнинг бандлиги таъминланади.
1-сектор ҳудудидаги “Худойбердиев” ММТП ҳудудида жойлашган “Хурмазор меваси” фермер хўжалигидаги 17 гектар ер майдонидан Қозоқовул, Янгийўл, Янгишаҳар МФЙларида истиқомат қилувчи 85 нафар ишсиз ёшга йигирма сотихдан ер ажратиб берилди ва бу ҳақдаги махсус сертификат топширилди.
Улар полиз ва сабзавот экинлари экиб, оилалари даромадига ўз ҳиссаларини қўшадилар. Туман қишлоқ хўжалиги бўлимидан тайинланган мутахассис ёш деҳқонлар ишини кузатиб, амалий ёрдам ва маслаҳат бериб боради.
Тадбирда туман ҳокими Баҳодир Юсупов сўзга чиқиб, берилаётган бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, йилига икки мартадан ортиқ ҳосил олишга ҳаракат қилиш ва даромадни кўпайтириш зарурлигини, бунинг учун ҳамма шароитлар яратиб берилишини таъкидлади. Шунингдек, туман ҳокими таклифи билан ёшлар иштирокида “Ёш деҳқонлар кенгаши” ташкил этилди.
Шу куннинг ўзида ажратилган ерлар ўз эгаларига бириктирилди ҳамда зарур агротехник тадбирлар бошланди, дейилади хабарда.







