2021 йил 12 январь куни соат 21.35 ларда Бектемир туманидаги Шарқ ЙПХ пости яқинида 32 ёшли Қирғизистон Республикаси фуқароси Самит А., ўзининг бошқарувидаги “TOYOTA LAND CRUISER” русумли (давлат рақами 01 KG 828 AHJ) автомобильни бошқарувини йўқотиб, 55 ёшли Бекназаров Р.нинг бошқарувидаги "Lacetti" русумли (давлат рақами 01 V 317 XA) автомобиль билан тўқнашув содир этган, сўнг бетон тўсиққа урилган. Дастлабки маълумотга кўра ЙТҲнинг сабаби "TOYOTA" ҳайдовчиси рульда ухлаб қолган. Бу ҳақда аввал ҳам хабар берган эдик. Айни кунларда ушбу ҳодиса акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда.
ЙТҲ натижасида йўловчи – Самарқанд вилоятида туғилган 25 ёшли Гулсара А. тан жароҳати олиб, тиббий муассасага жойлаштирилган.
Шунингдек, айни пайтда маълум қилинишича, “TOYOTA LAND CRUISER” ҳайдовчиси Самат А. ЙТҲ натижасида етказилган зарарни ўз ихтиёри билан қоплаган, жумладан: йўл тўсиқларини тиклаган, "Lacetti" автомобилини таъмирлаш ҳаражатларини қоплаган ва мазкур транспорт воситаси ҳайдовичиси билан ярашган. Самат А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 131-моддаси аломатлари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Натижасига кўра, суд томонидан унга 1.115.000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.






