Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Эвропа минтақавий бюроси директори Ханс Клуге коронавируснинг мутацияга учраган вариантларининг тарқалиши янги пандемия бошланишига олиб келмаслигига ишонч билдирди. Бу ҳақда “Известия” хабар берди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, коронавируснинг янги штаммлари пайдо бўлиши бу юқумли касаллик ҳали ҳам инсоният билан "уришаётгани" ни англатади. Бироқ, Клуге бу инсон танаси мослашадиган ҳар қандай патоген учун нормал ривожланиш эканлигини таъкидлади.
"Бу янги пандемиянинг бошланиши эмас, лекин, албатта, биз жуда ҳушёр бўлишимиз керак",–дейди ЖССТ вакили.
Унинг сўзларига кўра, ҳушёрлик зарур, чунки янги штаммлар қайта юқтиришга ва вируснинг бутун дунёга тез тарқалишига олиб келиши мумкин, бу эса бир неча давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизимларига катта таъсир қилади ва, эҳтимол, ўлимнинг кўпайишига олиб келади. Бундан ташқари, мутахассиснинг фикрига кўра, коронавирусдаги мутациялар вакциналарнинг самарадорлигига таъсир қилиши мумкин.
Клуге 2021 йилни CОВИД-19 нинг яна бир йили сифатида қабул қилишга чақирди, аммо "бизни ҳайратда қолдирган" 2020 йилдан фарқли ўлароқ, бу кўпроқ бошқариладиган бўлади, чунки вирусга таъсир қилиш воситалари, шу жумладан вакциналар бор.
2020 йил декабр ойининг ўрталарида Буюк Британия янги коронавирус турини кашф этганлигини эълон қилди. Бундан ташқари, 9 феврал куни мутахассислар қиролликда яна иккита янги CОВИД-19 мутациясини аниқлагани маълум бўлди.