Боливияда катталиги бўйича иккинчи ўринда турувчи кўл ғойиб бўлди

ДУНЁ 10.02.2016, 14:06
Боливияда катталиги бўйича иккинчи ўринда турувчи кўл ғойиб бўлди

Европа космик агентлиги йўлдош орқали олинган суратларни таҳлил қилиб, Боливиядаги катталаги бўйича иккинчи ўринда турувчи Поопо кўли батамом буғланиб, йўқ бўлиб кетганлигини маълум қилди, деб ёзади “Lenta.ru”.

Шўр кўлнинг йўқолишини ернинг юза қатлами мониторинги билан шуғулланувчи ЕКА Proba-V кичик йўлдоши қайд қилган. 3 минг квадрат километр майдонни  эгаллаган бу кўл аста-секинлик билан буғланиб, йўқ бўлганлиги 2014 йил апрелдаги, 2015 йил июлдаги, 2016 йил январдаги суратларда ўз аксини топган. 

Поопо кўлининг чуқурлиги 3 метрни ташкил қилиб, унинг қурғоқчил ерга жойлашуви иқлим ўзгаришларига таъсирчан қилиб қўйган. Кўл биринчи марта буғланмаяпти, бундай ҳолат 1994 йилда ҳам кузатилган. Аммо экспертлар Поопо кўлининг бу сафар ўзини тиклаши учун узоқ йиллар кетиши мумкинлиги ва батамом йўқ бўлиб кетишидан хавфсирашмоқда.  

Поопо кўли Титикаки кўлидан кейин иккинчи ўринда турадиган энг катта кўл деб юритилади. У турғун ва суви шўр кўл бўлиб, Оруро шаҳри жанубидан 130 километр узоқликда жойлашган. Бу ер фламинго қушларининг макони ҳисобланган.

Шарҳлар