Шу кунларда, юк поезди уриб юборган 14 ёшли қиз иштирокидаги бахтсиз ҳодиса кенг жамоатчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Ахборот хизматининг хабар қилишича, ҳозирда ушбу қиз тўртинчи даражадаги кома ҳолатида.
Маълум қилинишича, ушбу ҳодиса “Тошкент-товар” ва “Хамза” темир йўл станциялар перегонида содир бўлган. Куни кеча яна бир бахтсиз ҳодиса юз берди. Унда, “Яланғоч” ва “Салар” станцияларнинг оралиғида ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилган қиз ўзини поезд остига ташлади. Aйни пайтда у шифохонада. Тергов органлари томонидан юқоридаги ҳолатлар бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда яна бошқа содир бўлган воқеа юзасидан мутасаддилар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Яъни, жорий йилнинг 8 февраль куни пойтахтимизнинг Яшнобод туманида, тартибга солинмайдиган темир йўл кесишмаларидан бирида тепловоз ва "Cobalt" русумли автомашина иштирокида тўқнашув содир бўлди. Натижасида ҳеч ким жабрланмади ва ҳозирда юз берган ҳодиса тафсилотлари Тошкент шаҳар ЙҲХБ ИИББ томонидан ўрганилмоқда.
"Бундай ҳолатларнинг такрорланишини ҳисобга олган ҳолда, шуни маълум қиламизки, тегишли таркибий тузилмалар, ташкилотлар ва жойлардаги мутасаддилар томонидан мунтазам равишда темир йўл яқинида истиқомат қилувчи аҳоли ва транспорт воситалари эгалари билан темир йўлда хавфсизликка риоя этиш тўғрисида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Профилактик суҳбатлар, қатор учрашувлар, мавзу доирасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, айниқса, бу борада мактаб ўқувчилари ва ўсмирлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яна бир бор эслатиб ўтмоқчимизки, барча йўл ҳаракати иштирокчилари темир йўл кесишмаларидан ўтиш ва полат изларида пиёдалар ҳаракати қоидаларининг талабларига бирдек риоя этишлари шарт! Барчадан алоҳида эътибор ва ўта эҳтиёткорлик талаб қилинади. Жумладан, пиёдаларнинг темир йўлни кесиб ўтишлари учун махсус ажратилган ва жиҳозланган жойлар, пиёдалар кўприклари ва махсус ўтиш йўлак мавжуд. Aвтотранспорт воситаларида ҳаракатланаётган ҳайдовчилар тартибга солинадиган ва тартибга солинмайдиган темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидаларини бузмасликлари шарт!"- дейилади Жамият хабарида.






