Туркиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда қатор таниқли инфлюенсерлари Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга келишди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат Қўмитаси маълум қилди.
Меҳмонлар 5 кун давомида мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳияти билан яқиндан танишади. Мазкур турдан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг имижини кенг тарғиб қилиш ҳамда зиёрат туризмини янада ривожлантиришдан иборат.
Туркиялик инфлюенсерлар ташрифи “Asialuxe Travel” миллий туроператори томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган. Меҳмонлар орасида Йилмаз Али Абдусселам (7,21 миллион обуначи), Гўк Керем (528 минг обуначи), Бекар Ҳалил Иброҳим (88,1 минг обуначи), Катана Йилмаз Ҳусейн (297 минг обуначи) ва Генч Меҳмет (492 минг обуначи), Ёсир Йилмаз (853 минг обуначи) каби фаол You-Tube блогерлар бор.
Медиа-гуруҳ 12 февралдан 17 февралга қадар Ўзбекистонда бўлиб, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилишни режалаштирилган. Саёҳат давомида инфлюенсерлар гуруҳи юртимизнинг муқаддас қадамжоларида зиёрат амалларини бажо этишади. Шу билан бирга, мамлакатимиз маданияти, қадриятлари ҳамда туризм тармоқлари хусусиятлари билан яқиндан таништирилади.
Ташриф доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида медиа-гуруҳ ва масъуллар иштирокида учрашув ўтказилади.






