Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Наманган муҳандислик-технология институтига келиб, илм масканидаги жараёнлар билан яқиндан танишди.
Вазир ўрганишлар давомида талаба ёшлар ва мустақил тадқиқотчилар билан самимий мулоқот қилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини тинглади. Биринчи босқич магистранти Равшанжон Юсуповнинг давлат идоралари, корхона ва ташкилотларга кадрлар етказиб бериш тизимини такомиллаштириш борасида билдирган таклифи бугунги кундаги керакли йўналиш эканлиги қайд этилди.
Вазир 450га яқин талабага мўлжалланган талабалар турар жойида ҳам ўрганиш олиб борди. Беш муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган махсус хоналар, тўгарак машғулотлари ҳолатини кўздан кечирди.

Институтнинг илмий салоҳиятини кўтариш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам Абдуқодир Тошқуловнинг эътиборидан четда қолмади. Лабораториялар биносида давом этган учрашувда профессор-ўқитувчилар, мустақил тадқиқотчи ва доктарантларнинг илмий ишларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Мамлакатимиз текстиль соҳасининг етакчи ўринларида бораётган Наманганнинг енгил саноати ривожи, улкан ютуқларида институт жамоасининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги таъкидланиб, Устоз муаллимларга миннатдорлик изҳор қилинди.
Ўрганишдан келиб чиққан ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Наманган муҳандислик-технология институти фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида вазирлик ҳисобидан 500 миллион сўм миқдорда маблағ ажратилишини таъкидлади.
Ташрифнинг энг диққатга сазовор жойи ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Яъни, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Наманган муҳандислик-технология институти талабалар ошхонасида тушлик қилди.
"Бу чиндан ҳам респект! Халқ ичига дадил кираётган вазирлар кўпаяверсин!" - дея изоҳ қолдирилган ижтимоий тамоқлардаги мазкур ҳолат акс этган сурат остига.






