АсосийЖАМИЯТ

Ҳарбий оилалар баҳси: Нукусда ҳарбийларнинг оилалари ўртасида “Балли аёллар” танлови ўтказилди

Ҳарбий хизматчининг намунали оила бекаси образини гавдалантириш, иқтидор ва маҳоратни намо...

'Ҳарбий оилалар баҳси: Нукусда ҳарбийларнинг оилалари ўртасида “Балли аёллар” танлови ўтказилди'ning rasmi

Ҳарбий хизматчининг намунали оила бекаси образини гавдалантириш, иқтидор ва маҳоратни намойиш қилиш, муросасиз баҳсларда ғолиблик учун курашиш имконини яратган танлов Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий хизматчиларнинг оилалари учун ҳақиқий синов майдонига айланди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Мамлакатимизда оила фаровонлиги, унинг мустаҳкам ва соғлом бўлишини таъминлаш, азалий қадриятларни кенг тарғиб этиш мақсадида кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Шу ўринда, Мудофаа вазирлиги қўшинларида ҳам ҳарбий хизматчилар оилаларида ижтимоий муҳитни яхшилаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, бир сўз билан айтганда оила фаровонлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ҳарбий хизматчилар оилалари ўртасида ўтказилаётган кўплаб танлов ва мусобақалар шарафли касб эгаларининг турмуш ўртоғи бўлишдек масъулиятли вазифани уддалаётган мунис ва мўътабар аёлларнинг иқтидор ва салоҳиятини намоён этиш, тажриба алмашиш ва рақобатлашиш имконини беряпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ижросини таъминлаш, ҳарбий хизматчилар оила аъзолари онгида тарихимиз, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизга чуқур ҳурмат туйғусини юксалтириш, улар ўртасида соғлом рақобат руҳини қарор топтириш мақсадида вазирлик миқёсида ўтказилаётган “Балли аёллар” кўрик-танлови ҳам йилдан-йилга оммалашиб бормоқда.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида “Мен намунали оила бекасиман” шиори остида ўтказилган “Балли аёллар” кўрик-танловининг округ босқичида олти нафар ҳарбий хизматчининг оиласи ғолиблик учун кураш олиб борди. Беллашувнинг “Аёл – дунёни тебратар” деб номланган 1-шартида иштирокчилар санъаткорлик маҳоратини қўллаб, миллий рақс, қўшиқ, шеър, халқ ўйинлари воситасида ўз оилаларини таништиришлари керак бўлди.

Ҳарбийларнинг аёллари бўш вақтларидан унумли фойдаланиб, оилавий бюджетга имкон қадар ҳисса қўшаётганлиги “Тадбиркорлик – аёл талқинида” деб номланган танловнинг иккинчи шартида намоён бўлди. Келгусида новвойлик, қандолатчилик, тўқувчилик ва тикувчилик бўйича тадбиркорлик фаолиятини кенг йўлга қўймоқчи бўлган аёллар видеороликлар орқали иш жараёнидан лавҳаларни ушбу шартда келтириб, ҳайъат аъзолари диққатига ижодий ишларидан намуналар ҳавола қилишди.

Кўрик-танловнинг “Оилам суянчи – турмуш ўртоғим” деб номланган сўнгги шартида иштирокчи аёллар турмуш ўртоғининг оиладаги ўрни, улуғлигини шеър орқали ифода этиши лозим эди.

Иштирокчиларнинг маҳоратли чиқишлари, танлов шартларини бажаришда зукколик, эпчиллик намуналарини намоён этиши Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Райхон Сапарова бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатли баҳолаб борилди.

Якуний натижаларга кўра “Балли аёллар” кўрик-танловининг ҳарбий округ босқичида ғолиблик Нукус ҳарбий госпитали тиббиёт хизмати капитани Зуҳриддин Каримовнинг турмуш ўртоғи Васила Каримовага насиб этди. Эндиликда ғолиб оила бекаси шу йилнинг март ойида ўтказиладиган танловнинг Мудофаа вазирлиги босқичида ҳарбий округ шарафини ҳимоя қилади.

Шунингдек, танловда иштирок этган аёллар “Энг доно бека”, “Энг меҳрибон бека”, “Энг чаққон бека”, “Энг ораста бека” ҳамда “Энг қувноқ бека” каби номинациялар бўйича рағбатлантирилди.

Ғолиб ва совриндор иштирокчилар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир давомида Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг истеъдодли хонандалари ҳамда Нукус давлат педагогика институти талабаси,халқаро танловлар ғолиби Баҳодир Қувватбаев томонидан ижро этилган дилтортар қўшиқлар танлов томошабинларини рақсга чорлади.

 

    Бошқа янгиликлар