Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хабарига кўра, жорий йилнинг январь-февраль ойларида Россия Федерациясининг «ПИК Индустрия» АЖ ва «Техстрой» МЧЖ қурилиш корхоналарига фуқароларни ишга жалб қилиш учун ушбу корхоналар вакиллари ҳамда иш берувчиларнинг Ўзбекистондаги расмий вакили “Панорама” МЧЖ иштирокида Россияда ишлаш истагида бўлган фуқаролар очиқ танлов асосида Фарғона, Хоразм, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида суҳбатдан ўтказилган.
Мазкур танловлардан муваффақиятли ўтган фуқароларнинг дастлабки гуруҳи, яъни 189 нафари Россия Федерациясида ишлаш учун жўнаб кетган. 13 февраль куни суҳбатдан ўтган фуқароларнинг навбатдаги гуруҳи Тошкент халқаро аэропортидан жўнаб кетди.
Россияда ишлаш учун кетаётган юртдошларимизга аэропортда тегишли тушунтиришлар берилиб, меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан материаллар тарқатилди.

Юртдошларимиз белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда қурилиш объектларида иш бошлайди.






