Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ахборот хизмати хабар қилди.
Миллий агентлигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги масалалари бўйича Россия ҳамкорлик фондининг Ўзбекистон бўйича вакиллик раҳбари Михаил Вождаев билан 30 нафар ёшларнинг Бутунроссия Давлат кинематография институтида ўқитиш бўйича учрашув бўлиб ўтган.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ва Россия ҳамкорлик фонди ўзбекистонлик ёш киноижодкорларни ВГИКда ўқишини ҳамкорликда молиялаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва кинематография соҳасидаги бошқа ҳамкорлик масалалари муҳокама қилишган.
2020 йилда 7 нафар ўзбекистонлик ёшларни ўқитиш бўйича ҳам фонд билан ҳамкорлик қилинган. Навбатдаги ўқув йилидан Ўзбекистонлик иқтидорли ёшларнинг 30 нафарини Россиянинг Бутунроссия Давлат кинематография институтида ўқиш харажатларининг Россия ҳамкорлик фонди томонидан молиялаштирилиши бўйича келишувга эришилди.
Ушбу 30 нафар ёшларнинг 25 нафари Россияда хизмат кўрсатган ўзбек актёри Фарҳод Маҳмудовнинг ижодий устахонасида таълим олиши белгиланган. Таълим олиш талабларига кўра номзодлар рус тилини билишлари белгилаб қўйилгани сабабли иқтидорли ёшларимизга қулайлик яратиш мақсадида, саралаб олинган номзодларга рус тилини ўрганишлари учун ўқув курслари ташкил қилиш ҳам режалаштирилган.
Айтиб ўтиш жоизки, мазкур олий таълим муассасаси кинематографчиларни етиштириб берувчи дунёдаги нуфузли таълим даргоҳларидан бири бўлиб, ўзбек киносининг етук арбоблари ҳам ушбу олийгоҳда таълим олишган. Аммо охирги йилларда ушбу таълим муассасаси билан алоқалар бир муддат узилиб қолган эди.






