2020 йил 24 ноябрда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида фуқароларга енгиллик яратиш ва пандемия даврида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида, газ ва электр истеъмоли учун тарифлар нархлари оширилмаслиги таклифи биринчи ўқишда қабул қилиниб, 2021 йилда уларнинг нархи ошмайдиган бўлди. Хўш, биз фойдаланаётган табиий ва суюлтирилган газ учун ўзгаришсиз қолдирилган тарифлар нархларини қанчалик биламиз? Қайси хизмат пуллик ва бепул хизматларни нималар ташкил қилади? Ҳудудлар бўйича бу нархлар бир-биридан фарқ қиладими? Шу каби саволларга “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти матбуот котиби Меҳрибон Маметова жавоб беради.

ТАБИИЙ ВА СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ НАРХЛАРИ
— Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 633-сон қарорига кўра, 2019 йил 15 августдан бошлаб ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифлари оширилган эди. Ундан кейин табиий ва суюлтирилган газ нарх ва тарифлари оширилгани йўқ ва бу нархлар ҳозирги кунга қадар сақлаб қолинмокда. Мазкур қарорга биноан, аҳоли ва тадбиркорлар учун табиий ва суюлтирилган газ нархлари қуйидагича:
- коммунал-маиший эҳтиёжлар учун аҳолига, идоравий ва муниципал турар жой фондига, юридик шахсларнинг ётоқхоналарига ва аҳолининг газ таъминоти учун табиий газдан фойдаланиладиган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига, иссиқ сув таъминоти ва турар жой биноларини иситиш учун — маҳаллий қозонхоналарга, газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлганда 1 куб/метр учун 380 сўм;
- овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун 660 сўм куб/метр;
- Маиший эҳтиёжлар учун аҳолига сотиладиган суюлтирилган газ 1120 сўм/кг.
ТАРИФЛАР БЎЙИЧА НАРХЛАР
— Табиий газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаганда коммунал-маиший эҳтиёжлар учун аҳолига:
- марказий (якка тартибдаги) иссиқ сув таъминотига эга бўлган уйлардаги овқат тайёрлашга мўлжалланган маиший газ плитаси 1 киши ҳисобига газни сарфлаш нормаси ҳар ойда 11 куб/м - 7260 сўм;
- марказий иссиқ сув таъминоти ҳамда газ билан сув иситиш мосламалари бўлмаган уйлардаги овқат тайёрлашга мўлжалланган маиший газ плитаси 1 киши ҳисобига газни сарфлаш нормаси ҳар ойда 15 куб/м - 9 900 сўм;
- марказий иссиқ сув таъминоти бўлмаган ёки иссиқ сув таъминоти вақти-вақти билан ишлайдиган уйларда иссиқ сув таъминоти учун газ билан сув иситгич 1 киши ҳисобига газни сарфлаш нормаси ҳар ойда 16 куб/м - 1050 сўм;
- маиший эҳтиёжлар учун аҳолига сотиладиган 1 кг суюлтирилган газнинг имтиёзли нархи 1120 сўм.
ҲУДУДЛАРДА БУ НАРХЛАР ФАРҚЛАНАДИМИ?
- Юқоридаги нархлар Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудлари учун умумий ҳисобланиб, фарқланмайди.
МАИШИЙ ФОЙДАЛАНИШ УЧУН СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ БАЛЛОН ОЛИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
— Истеъмолчиларига 20 кг. маиший газ баллонлари фойдаланиш учун (битта хонадонга бир дона) ижарага берилади. Агарда сиз, янги уй-жойга кўчиб ўтган бўлсангиз ва сизда маиший газ баллони мавжуд бўлмаса, унда ҳудудий газ таъминоти идораси билан истеъмолчи ўртасида тегишли шартнома тузилиши талаб этилади.
ТАЛАБ ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР
— Маиший газ баллонларини ижарага беришда қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
- ариза (Филиал ёки шаҳар/туман газ таъминоти бўлими бошлиғи номига);
- истеъмолчининг паспорт нусхаси;
- оилавий шароити ҳақида маълумотнома;
- истеъмолчининг СТИР рақами;
- истеъмолчи томонидан тилхат.
ГАЗ БАЛЛОНЛАРИ ПУЛЛИКМИ?
— Ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг, газ таъминоти филиали ва истеъмолчи ўртасида икки томонлама шартнома тузилиб, маиший газ баллон фойдаланиш учун ижарага берилади. Ижарага берилган маиший газ баллон учун ҳақ олинмайди.
ЛЕКИН ТЕХНИК ХИЗМАТ ПУЛЛИК
— 20 кг. маиший газ баллонларга тасдиқланган нархномалар асосида қуйидаги техник хизматлар кўрсатилади:
- аҳоли хонадонларига биринчи маротаба маиший газ баллонларини ўрнатиш, созлаш ва ишга тушириш хизматини кўрсатиш, хизмат ҳақи - 99 533 сўм (ҚҚС билан);
- суюлтирилган газ баллон редукторини 1 йилда 1 марта тафтиш (ревизия) ишларини ўтказиш хизмат ҳақи - 32 266 сўм (ҚҚС билан).
Суюлтирилган газ ва маиший газ баллонлари аҳолига имтиёзли нархда фақат овқат пишириш учун берилади.
БИР РЎЗҒОР УЧУН ОЙЛИК МЕЪЁРИ ҚАНЧА?
— Манзил бўйича истиқомат қилувчи бир рўзғор учун 1 та 20 килограммлик суюлтирилган газ тўла баллонни тақсимлаш меъёри куз-қиш мавсумида 30-35 кун, қолган вақтда эса 40-45 кунни ташкил этади.
1 та 20 кг. суюлтирилган газ тўла газ баллонни 22 400 сўмдан участка масъул ходимлари томонидан аҳоли хонадонларига етказиб берилади.
“ГАЗ БАЛЛОНЛАРИНИ ТАРОЗИДА ТОРТИБ ОЛИНГ”
— Юртдошларимиздан суюлтирилган газ баллонларини харид қилиш жараёнида уларни тарозига қўйиб тортиб кўриб олишларини сўраймиз. Бугунги кунда, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан маиший газ баллонларни ташувчи автотранспорт воситалар тарозилар билан жиҳозланган. Агар табиий ва суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келса, 1104, 71-200-08-04, 71-202-11-04 телефон рақамлари ҳамда "Facebook" ижтимоий тармоқдаги "Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари" очиқ жамоат гуруҳи орқали мурожаат қилиш мумкин.
Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ






