Гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчилар хизматлари ўзини ўзи банд қиладиган шахслар фаолият турига киритилди, дея хабар бермоқда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.
Туризм соҳаси вакиллари бандлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда Президентнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6165-сон фармони муҳим аҳамият касб этди.
Мазкур фармон билан ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчилар хизматлари ҳам киритилди. Илгари туроператор билан тузилган меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси тузмай туриб гидлик фаолиятини олиб боришга рухсат берилмаган.
Ҳозирги кунда эса гидлар бирор юридик шахс билан шартнома тузмасдан ва тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан ўзини ўзи банд қиладиган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ҳолда меҳнат фаолиятларини олиб бориши мумкин.
Ўзини ўзи банд қилиш механизмининг афзалликлари бўлиб, улар қуйидагилардан иборат: Рўйхатдан ўтиш соддалаштирилган тартибда ва ортиқча сарф-харажатларсиз амалга оширилади. Бунда рўйхатдан ўтиш махсус мобил илова, солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёки давлат солиқ органига келган ҳолда амалга оширилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказишда ҳақ ундирилмайди; Ўзини ўзи банд қилган шахсларга меҳнат стажи ҳисобланади. Бунда улар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади; Ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи татбиқ этилмайди. Таъкидлаш лозимки, аксарият ҳолатларда гидларнинг фаолияти мавсумий ҳисобланади.
Мавсум паст бўлган вақтларда гидлар фаолиятни вақтинча тўхтатиш тўғрисида билдиришнома юборган ҳолда солиқ идораларини огоҳлантириши мумкин. Бунда меҳнат фаолияти амалга оширилмайдиган даврда ижтимоий солиқни тўлаш тўхтатиб турилади.
Шунингдек, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Бутунжаҳон гидлар ассоциацияси федерацияси кўмагида Тошкент шаҳрида 21 февраль — Бутунжаҳон гид ва экскурсиячилар куни муносабати билан «20/21: қайта юклаш ва янги имкониятлар» IV гидлар форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, ҳозирги оғир кунлар — пандемия даврида гидлар ва экскурсия етакчилари учун давлат томонидан жуда катта имконият берилмоқда. Хорижлик туристларнинг оқими камайганлиги сабабли уларни иш ва даромад манбаи билан таъминлаш борасида анчайин ишлар олиб борилди. Хусусан, 15 та гидни қўшимча равишда коллежга ишга таклиф этилган, янги лойиҳа доирасида турист ва экскурсия етакчиларининг портфелини ишлаб чиқиб, уларга бир неча ой давомида 350 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бугунги кунда уларни энг кўп қийнаб келаётган масалалардан бири бу — нафақа пули ва тўловлар. Президент қарори билан бу борада махсус тизим яратилиб, улар ҳам ўзини ўзи банд қилган фуқаро категориясига қўшилди.







