АсосийJamiyat

Тошкентда кириб келаётган совуқ ва ёғингарчилик сабаб авария- тиклаш хизматлари шай ҳолатга келтирилди

'Тошкентда кириб келаётган совуқ ва ёғингарчилик сабаб авария- тиклаш хизматлари шай ҳолатга келтирилди'ning rasmi

Тошкент шаҳар ҳудудига совуқ ва нам ҳаво оқими кириб келмоқда. Шу муносабат билан шаҳар ва туман ҳокимликлари, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан совуқ кунларни беталофат ўтказиш бўйича куну тун фаолият олиб борадиган навбатчилик иш жадвали ташкил этилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди. 

Хабарда айтилишича, ҳаво ўзгариши билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида:

  • авария-тиклаш хизматлари навбатчилиги кучайтирилди, махсус техника ва асбоб-анжомлар шай ҳолатга келтирилган;
  • Шайхонтоҳур тумани “Пахтакор” марказий стадиони ҳудудида механизация ишлари йиғма командаси ташкил этилди;
  • кучли ёғингарчилик ва ҳавонинг совиб кетиши оқибатида автомобиль йўлларида тирбандликлар ҳосил бўлиши ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларнинг олдини олиш, шунингдек, йўллар ва кўп қаватли уйлар атрофидаги дарахт ва дарахт шохларини синиб кетиши билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида махсус техникалар ва ходимлар ҳозирланди;
  • марказий ва ички йўллар ва йўл ўтказгичларнинг музлашини олдини олиш мақсадида етарли қум ва туз захираси шакллантирилди.

"Об-ҳавонинг кескин ўзгариши натижасида содир бўлган нохуш ҳодисалар ва фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда зудлик билан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 1055 ва Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 1050, (71) 212-69-82 ва (71) 212-69-84 телефонларига маълумот беришингизни сўраймиз",–дейилади ҳокимлик ахборотида.

Бошқа янгиликлар