Кеча, 25-феврал куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов мамлакатимизда дипломатик миссиясини якунлаётган Туркия Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Меҳмет Сурейя Эрни қабул қилди. Бу ҳақда вазирликнинг Ахборот хизмати маълум қилди.
Учрашувда Ўзбекистон-Туркия кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Олий даражадаги алоқалар, жумладан 2020-йилда Aнқара шаҳрида икки мамлакат давлат раҳбарлари раислигида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.
Шунингдек, турли даражаларда бўлиб ўтадиган икки томонлама тадбирлар жадвали ва кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.
Вазир Элчининг Ўзбекистондаги фаолияти самарали бўлганини қайд этди ва унга давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.
Меҳмет Сурейя Эр, ўз навбатида, Туркия Элчиси сифатида фаолиятида давомида кўрсатилган ёрдам ва қўллаб-қувватлаш учун миннатдорчилик билдирди.
Аввалроқ, Туркия элчисига Ўзбекистоннинг икки университети томонидан фахрий профессор унвони берилган эди.
Фарида Эгамбердиева тайёрлади






