Наманган шаҳридаги "Шердор" мажмуасида “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмасининг 27 йиллиги ҳамда ҳарбий қисмларнинг Афғонистондан олиб чиқилганлиги санасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Қўшни Афғонистон ҳудудида тинчликни таъминлаш мақсадида 1979 йил 25 декабрда бошланган ҳарбий ҳаракатлар 1989 йил 15 февраль куни Ҳайратон кўприги орқали қўшинларнинг олиб чиқиб кетилиши билан якун топганди.
Яқин ўн йил давом этган ҳарбий ҳаракатлар чоғида Афғон заминида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун Наманган вилоятидан 3676 нафар аскар иштирок этган. 70 нафар жангчи ҳалок бўлган, 327 нафари ярадор бўлиб қайтган.
Ўтган йиллар мобайнида турли касалликлар ва олинган жароҳатлар асоратлари туфайли яна 316 нафар “афғончи” ҳаётдан кўз юмди.
Президент ташаббуси билан 2019 йил март ойида пойтахтнинг Мустақиллик майдонидаги Хотира китобига Афғонистонда ҳалок бўлган ҳамюртларимизнинг номлари уларнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш мақсадида киритилганди.
Наманган шаҳридаги “Хотира ва қадрлаш” мажмуасида барпо этилган “Хотира” китобига ҳам 70 нафар Афғон урушида халоқ бўлган наманганлик ҳарбий хизматчининг номлари киритилди. Улар ўқиган мактабларда эса “Фахрий ўқувчи” бурчаклари ташкил этилди.
Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов байналмилалчи жангчиларга ўз миннатдорлиги ва эҳтиромини билдирди.
—Наманган шаҳрида Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган ҳамюртларимиз учун алоҳида марказ ташкил этишни режалаштирганмиз. Мазкур марказ сизлар жамланиб, ёш авлодга мардлик ва жасорат сабоқларини ўргатадиган, ўзаро фикр алмашиб, бир-бирингиздан доимий хабардор бўладиган масканга айланади, — деди вилоят раҳбари.

Тадбир санъаткорлар иштирокидаги куй-қўшиқлар билан давом этди. Унинг иштирокчиларига вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди.






