Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида «Чимён чўққилари» номли Ўзбекистон мусобақаси ташкил этилди. Бу ҳақда қўмитанинг Ахборот хизмати маълум қилди.
Экстремал туризмнинг алпинизм йўналишига доир мусобақа Жисмоний тарбия ва спорт, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Алпинизм ва қояни забт этиш федерацияси, Миллий Гвардия ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилди.
Чимён тоғининг Катта кўксой дарасида иштирокчиларни техник хавфсизлик қоидалари билан таништиришдан бошланган мусобақанинг расмий очилиш ва ёпилиш маросимлари тантанали равишда ўтказилди. Мусобақада 20 нафардан ортиқ аёл ва эркак профессионал спортчилар фаол иштирок этишди.

Мазкур мусобақада эркак спортчилар орасида фахрли 1-ўринни Альпинизм спорти бўйича В.Ратсека номли клуб аъзоси Дмитрй Сорокин, 2-ўринни Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиси Исломжон Ўктамов, 3-ўринни эса Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчиси Шохрух Хайитметовлар қўлга киритган бўлса, аёл спортчилар орасидан фахрли 1-ўринни Миллий Гвардия ҳарбий хизматчиси Сабина Ким, 2-ўринни Миллий Гвардия ҳарбий хизматчиси Лола Кадирова ҳамда 3-ўринни Миллий Гвардия ҳарбий хизматчиси Дилдора Нурматовалар эгаллашди. Қизғин кечган мусобақа якунида барча иштирокчиларга сертификат ва эсдалик совғалари, ғолибларга эса диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Бу каби тадбирларни ўтказишдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 ноябрдаги «Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний ф
аоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш йўлида мамлакатимизда музни забт этиш спортини ривожлантириш орқали соғлом турмуш тарзини шакллантиришдан иборатдир.







