SPB TV компанияси Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида ўзбек тилидаги телемаҳсулотларни тарқатиш тўғрисида шартнома имзолади, Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Каналларнинг эфирга узатилиши март ойида Россия ва МДҲнинг турли OTT TV-платформаларида амалга оширилади. Маълум қилинишича, биринчи марта ўзбек тилидаги телемаҳсулотлар Россия ва МДҲ мамлакатларидаги телевизион платформаларга расмий кириш ҳуқуқини олади. Россия ва МДҲ мамлакатлари бўйлаб аудитория камида 2,5 миллион томошабинни ташкил қилади, дейилмоқда хабарда.
Қайд этилишича, томошабинларга Ўзбекистоннинг 12 та миллий каналини кўриш имконияти тақдим этилади. Улар орасида спорт, янгиликлар, оммабоп, кўнгилочар дастурларга мўлжалланган каналлар бўлади. Телекўрсатувларни хоҳлаган воситалар, масалан мобил экранлар, планшетлар, персонал компьютер ва SmartTV орқали томоша қилиш мумкин. Шунингдек, турли ҳудудда ўз қизиқишларига қараб, реклама жойлаштириш ҳам мумкин бўлади.
SPB TV бош директори Кирилл Филипповга кўра, ҳозирда 2 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Россияда яшайди.
"Ушбу аудитория ўз она тилидаги контентдан ажратиб қўйилган эди. Бизнинг МТРК билан келишувимиз бу муаммони ҳал қилади. Ишонаманки, ўзбек тилидаги сифатли ва хилма-хил контент талабга жавоб беради ва пул ишлаш учун янги истиқболларни очиб беради", — деган Кирилл Филиппов.