Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат органларининг масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишда белгиланган вазифалар ижроси бўйича Андижон вилоятида ҳам чора-тадбирлар асосида иш ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги хабар қилмоқда.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Шаҳрихон туманидаги «Аёллар дафтари»га киритилган фуқаролар билан мулоқот ўтказди. Унда вилоят раҳбари мамлакатимизда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятларини қўллаб-қувватлаш орқали даромадларини ошириш ва ҳуқуқий ҳимояси борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирди.

Шаҳрихон туманида 3 минг 476 нафар хотин-қизлар «Аёллар дафтари»га киритилган. Уларнинг 1 минг 852 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит олиш истагини билдирган.
Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, АТ «Халқбанки» вилоят ҳудудий филиали ҳамда Шаҳрихон туман ҳокимлиги мутахассислари кредит олиш истагидаги 528 нафар ҳунарманд хотин-қизга 2 млрд. 640 млн. сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилишини таъкидладилар. Шунингдек, мазкур маблағлар босқичма-босқич берилиши ва уни мақсадли сафлаш бўйича тушунчалар бериб ўтдилар.

Учрашув давомида вилоят ҳокими 100 нафар хотин-қизга 5 млн. сўмдан имтиёзли кредит маблағларини нақд пул шаклида топширди.

Шу билан бирга 15 нафар аёлга соғлигини тиклаши учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан имтиёзли йўлланма берилди. Шаҳрихон туман ҳокимлиги эса 4 нафар аёлга уй-жойини ҳомийлик асосида таъмирлаб бериш учун махсус сертификатларни топширди.











