Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида ўта хавфли рецидивист аёллар кечирилди
Президентимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик сиёсати туфайли турли хил сабаблар билан...
Президентимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик сиёсати туфайли турли хил сабаблар билан тўғри йўлдан адашган, жиноий қилмишларга қўл урган бўлса-да, хатосини тушуниб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган аёлларга енгиллик бериляпти. Шу маънода, бу йил ҳам Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Олий судида жазони ижро этиш муассасаларида оғир, ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 16 нафар маҳкума аёлнинг кассация тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилди. Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида ҳар бир аёлнинг кассация тартибида берган аризаси қонун доирасида батафсил ўрганилди...
“ҚАМАЛИБ ҚОЛГАНИМДАН КЕЙИН ҚИЗИМ ТУРМУШГА ЧИҚОЛМАДИ”
Муқаддам 3 марта судланган. 57 ёшли аёлга жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2014 йил 5 ноябрдаги ҳукмига кўра, ЖК 25, 273-моддаси 5-қисми билан 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Маҳкума суд томонидан тайинланган жазо муддатининг 6 йил 8 ой 15 кунини ўтаган.
— 20,4 гр. “героин”ни сотиш мақсадида Қарши шаҳридаги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб олиб кетаётганингизда ушлангансиз. Аввал ўта оғир жиноят содир қилиб, жавобгарликка тортилганингиз боис ўта хавфли рецидивист номини ҳам олган экансиз. Фарзандларингиз борми?
— Уч қизим бор, икки нафари турмушга чиққан. Қамалиб қолганимдан кейин учинчи қизим турмушга чиқолмади, ҳозиргача оила қуролмай юрибди. Турмуш ўртоғим эса уч йил аввал касаллик билан вафот этди. Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Қайтиб жиноят кўчасига кирмайман.
— Қамалишдан аввал қаерда иш фаолиятини олиб боргансиз?
— Тикувчиман, бир нечта жойларда ишлаганман. Қамоқдан чиқсам цех очиб, фарзандларимни ёнимга олиб ҳунарим орқали ҳалол ризқ топмоқчиман. Харом пул, барибир харом экан.
“ХАТОМНИ ТУШУНИБ ЕТДИМ”
ЖИБ Хоразм вилоят судининг 2012 йил 27 феварлдаги ҳукмига кўра, ЖК 273-моддаси 5-қисми, 273-моддаси 4-қисми, 25, 273 моддаси 5-қисми билан ЖК 59, 60-моддалари тартибида 11 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилинган 53 ёшли маҳкума ўта хавфли рецидивист номини олишга ҳам улгурган. 3 фарзанднинг онаси суд томонидан тайинланган жазо муддатининг 9 йил 2 ойини ўтаган.
— Оилангиз борми?
— Турмуш ўртоғим билан ажрашганман. 4 нафар фарзандим бор, лекин улар Россияда.
— 2001 йил ноябрда 100 гр. “опий”ни сотиб, қариндошингиз истъемол қилиши учун уйингизда шароит яратиб, бангихона ташкил қилгансиз. Тинтув қилинганида эса 67,39 гр. “опий” топилган. 100 гр. “опий”ни сотиш умрингизнинг 9 йилини панжара ортида ўтказишга арзийдими?
— Арзимайди, хатомни тушуниб етдим. Қамоқдан чиққач, бир кун ҳам ишсиз юрмасликка ваъда бераман. Панжара ортида ўтган 9 йиллик муддат давомида нон пишириш билан шуғулландим. Насиб қилса, нон пишириш цехи очмоқчиман, бу ишда фарзандларим ҳам ёрдам беради.
“ОНАМНИ СЎНГГИ ЙЎЛГА КУЗАТОЛМАДИМ”
49 ёшли аёл 2011 йил Тожикистондан келган шахслардан сотиб олган героиннинг 4 ўрам (чек)ини номаълум шахсларга 30.000 сўм, бир ўрам (чек)ини 9000-10 000 сўмдан сотиб келган. 2012 йил 50 гр. героинни 2,500.000 сўмга сотган. Натижада ЖИБ Қўқон шаҳар судининг 2012 йил 4 октябрдаги ҳукмига кўра, 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Муқаддам судланган маҳкума ўта хавфли рецидивист номини ҳам олиб улгурган. Суд томонидан тайинланган жазо муддатининг эса 8 йил 11 ой кунини ўтаган.
— Қамалгунингизга қадар нима иш билан шуғуллангансиз?
— Боғчада ишлаганман. Қилмишимдан ўзимга тегишли хулоса чиқардим. Панжара ортидаги энг оғриқли ҳолат бу – соғинч азоби экан. Мени вояга етказиб, оқ ювиб-оқ тараган онамни сўнгги йўлга кузатолмадим. Дийдор қиёматга қолди, пушаймонман.
— Фарзандларингизни уйли-жойли қилганмисиз?
— Турмуш ўртоғим 2000 йил вафот этган, уч нафар фарзандим бор. Катта қизимни ўз қўлим билан узатганман, лекин иккинчи қизимнинг тўйини кўролмадим. Кенжам – ўғлим ҳам 22 ёшга кириб қолди.
“Опамни панжара ортида кўриш жуда оғир, бу ҳисни сўз билан ифодалаб беролмайман. Иккинчи қизини яқинлар бирлашиб турмушга бердик. Ҳар бир фарзанд энг қувончли кунида онаси ёнида бўлишини истайди. Қизининг тўйи куни барибир ҳеч биримиз онасининг ўрнини босолмадик, бу кемтикликни тўлдиролмадик. Энди ҳеч бўлмаса ўғлини ўзи бош бўлиб уйлантирсин”, дея кўз ёшларини тўхтатолмади маҳкуманинг синглиси.
“АЁЛ НОМИГА ДОҒ ТУШИРДИМ”
Муқаддам 1 марта судланган, ЖИБ Нишон туман судининг 2015 йил 4 августдаги ҳукмига кўра, 8 йил озодликдан маҳрум қилинган 38 ёшли маҳкума уюшган гуруҳга раҳбарлик қилган. Жиноий шериклари билан босқинчилик жиноятига тайёргарлик кўриб, ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олишмаган. Кейинги гал эса вояга етмаган шахсни ҳам жиноятга жалб қилган. 2014 йил 18 декабрга ўтар кечаси бир уйга босқинчилик қилиш учун киришга тайёргарлик кўриб туришганида ИИБ ходимлари томонидан ушланган. Уйи тинтув қилинганда, 34,1 гр. “марихуана” борлиги аниқланган.
— Босқинчилик жинояти аёл кишига ярашадими?
— Аёл номига доғ тушириб, мутлақо бу номга ярашмайдиган иш қилиб қўйганимдан афсусдаман.
— Озодликка чиққач, нима иш билан шуғулланмоқчисиз?
2015 йил 9 июнда 4 гр. “гашиш”ни 200.000 сўмга махсус харидорга сотганда ашёвий далиллар билан ушланган 38 ёшли аёл ЖИБ Фарғона шаҳар судининг ҳукмига кўра, 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган, ўта хавфли рецеведист деб топилган. Муқаддам 2 марта судланган, 4 нафар фарзанднинг онаси суд томонидан тайинланган жазо муддатининг 5 йил 7 ойни ўтаган. Маҳкуманинг онасини суҳбатга тортдик.
— Нечта фарзандингиз бор?
— 4 нафар фарзандим бор, бу тўнғичи. Фақат шу фарзандим жиноят кўчасига кириб қолган.
— Куёвингиз борми?
— Турмуши ўхшамаган. Эри қамалиб қолгач, бу ҳам тўғри йўлини йўқотиб қўйди. Қамоқдалигида отасидан ҳам айрилиб қолдик. Қарийб 6 йилдан бери 4 нафар фарзанди ҳам онасисиз қийналиб кетди.
“Отамни сўнгги йўлга кузатолмадим... Кекса онамни ҳам қийнаб қўйдим, кечирим сўрайман. Қамалгангимдан кейин эрим бошқа оила қурди”, дея кўзига ёш олди маҳкума.
“ЖИНОЯТ ҚИЛДИКМИ, ЎЗИМИЗНИ ОҚЛАШГА АСОС ЙЎҚ”
40 ёшли аёл бошқа шахслар билан тил бириктириб, 482,25 гр. героинни Тожикистондан Ўзбекистонга ўтказиб, бир ўрам (чек)ини 100.000 сўмга сотгани учун ЖИБ Чилонзор туман судининг 2013 йил 25 июлдаги ҳукмига кўра, 11 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Муқаддам 1 марта судланган, ўта хавфли рецидивист номини олган 2 нафар фарзанднинг онаси суд томонидан тайинланган жазо муддатининг 8 йил 1 ой 6 кунини ўтаган.
— Аввал ҳам шу жиноятни содир этиб қамалгандим, яна шу қилмишимни такрорлаб қўйдим. Жиноят қилдикми, ўзимизни оқлашга асос йўқ. Содир этган жиноятимга яраша жазо берилди. Бошқа давлатларда бу жиноят учун 25 йилга озодликдан маҳрум қилиниши, ҳатто отувга ҳукм қилинишини ҳам эшитганман. Зангиота туманидаги меҳнат биржасидан иш таклиф қилиб келишди. Кейин ўзим "ота-онамга хизмат қилиб, фарзандларимни ҳалол меҳнат билан боқишим учун ёрдам беринг", деган мурожаат билан чиқдим. Ота уйимга иссиқхона қуриб беришди. Қамоқдан чиқсам, унда лимон ва бошқа цитрус мевалар етиштириб, тадбиркорлик билан шуғулланаман.
Маҳкуманинг кекса ота-онасини кўриб, “68 ёшли отанинг қўлига ҳасса эмас, қизининг қўллари тоғдек суянч, шашқатор оқаётган кўз ёшлари боши хамликдан эмас, яхши кунларда қувончдан даракчи бўлса бўлмасмиди?” деган ўй қийнади.
“Бу ҳолатда туришимизнинг ўзи уят. Набираларим соғинчдан қийналиб кетди. Куёвим билан яшатмайман, қизимга 9 хонали уйимнинг 3 хонасини бераман, бошқа чорам йўқ. Тикув машинаси ҳарид қилиш арафасидаман, тикувчилик қилади. Энди ўзим қаттиқ назорат қиламан”, дея дув-дув йиғлади ота.
“ҚОНУН БАРЧАГА БИР ХИЛ МУНОСАБАТДА БЎЛАДИ”
Светлана АРТИКОВА, Бош прокурор ўринбосари:
— Давлатимиз сиёсати, Президентимизнинг хотин-қизларга бўлган муносабатига жавобан барчамиздан қонун доирасида яшаш ва ишлаш талаб қилинади. Куни кеча манзил колонияга бориб, хотин-қизлар билан суҳбатлашдик, “бундан кўра, тўйларда учрашсак бўлмайдими?”, деган савол қийнайди. Хулоса чиқаришга ҳали ҳам кеч эмас. Ҳар бир босаётган қадамимизни ўйлаб босайлик, бир сўз айтишдан олдин ҳам обдон фикр қилайлик. Унутмайлик, қонун барчага бир хил муносабатда бўлади.
Маҳкумалар қўни-қўшни, яқинлар ва таниш-билишларга бошидан кечирганларини сўзлаб бериб, бошқаларнинг кўзини очишини, тўғри йўлдан оғишмаслигига сабабчи бўлишларини истардим. Одатда “муҳтожликдан жиноят кўчасига кирдим”, дейилади. Лекин Ўзбекистонда ҳеч ким очликдан ўлгани йўқ, исталган киши иш изласа топади ва ҳалол меҳнат орқали ризқини тера олади. Жиноят ортидан топилган пул эса кишини қора курсидан жой олишига сабабчи бўлади. Суд ва прокуратура ҳамиша бошингизга соябон бўлсин, бошингизга томчи тушмасин. Вақтида хулоса қилиш учун эса бош деворга урилиши шарт эмас.
Содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда кафолат хатлари инобатга олиниб, 14 нафар маҳкума муддатидан илгари жазодан озод қилинди, 2 нафарининг эса тайинланган жазолари енгиллаштирилди.