Тошкент шаҳри Олмазор туманида 150 миллион сўмга ноқонуний дори сотаётган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Олмазор туман бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро У.Б. дори воситаларини қиммат нархларда дорихона ва унинг филиалларидан ташқарида муомалага киритгани аниқланган. Шунингдек, у даромад орттириш учун Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган жами 15 минг дона «Mesopril Kit» ва «Avort-Kit» номли дори воситаларини ҳар бир донасини 10 минг сўмдан ҳисоблаб, харидорга 150 миллион сўмга сотишга келишган. Олдиндан 5 минг донасини 50 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан У.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (Дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихона ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.