1

Тахтакўпир туманининг олис овулларига ҳарбийларнинг “Саховат карвони” етиб борди (фото)

ЖАМИЯТ 09.03.2021, 09:23
Тахтакўпир туманининг олис овулларига ҳарбийларнинг “Саховат карвони” етиб борди (фото)

Одамийлик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, бағрикенглик каби эзгу амаллар халқимизда азал-азалдан улуғланиб келинади. Инсонпарварлик фазилатлари бизда қадрият даражасига кўтарилиб, аждодлардан мерос сифатида қадрланади. 

Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан халқимиз ҳаётининг фаровонлигини таъминлаш, олис туман ва қишлоқларда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида жорий этилган “Маҳаллабай” тизими юртимиз тараққий этишида муҳим ўрин тутмоқда.

Олис манзиллардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши суст бўлган қишлоқ ва овул аҳлига амалий ёрдам кўрсатиш, улар ҳолидан хабар олиш, моддий ва маънавий кўмак бериш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир тумани марказидан 20 километрга яқин масофада жойлашган Жанадарьё ҳамда 35 километр узоқликдаги Белтау овулларига ташкил этилган “Саховат карвони” етиб борди.

Таъкидлаш жоизки, Тахтакўпир туманининг Жанадарьё ва Белтау овулларида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, уларга бериладиган тиббий маслаҳат ва муолажалар сифатини ошириш мақсадида Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали ҳамда Нукус ҳарбий госпитали, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси шифокорларидан иборат тиббий бригада томонидан бир неча кун давомида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди. Шунингдек, халққа ёрдам бериш мақсадида ҳарбий хизматчилар овулларда ободонлаштириш, аҳоли томорқаларини баҳор мавсумига тайёрлаш ишларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Нукус шаҳридан колонна бўлиб йўл олган “Саховат карвони” Тахтакўпир туман ҳокимлиги мутасаддилари билан ҳамкорликда икки овулга бўлиниб, у ерда ижтимоий аҳволи оғир бўлган юртдошларимизга меҳр-саховат улашилди.

Халқимизни янада бирлашишга, баҳамжиҳат бўлишга ундаётган ушбу гуманитар акция доирасида Жанадарьё овулидаги 30 дан ортиқ кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ҳамда жисмоний имконияти чекланган аҳолига бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ҳамда хизмат муддатини ўтаган бўлса-да, аммо яроқли ҳолда сақланган мебель жиҳозлари тарқатилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ кўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов бошчилигидаги ҳарбий хизматчилардан иборат саховат гуруҳи ижтимоий ҳимояга биринчи навбатда муҳтож бўлган ватандошларимиз уйларига бориб, улар ҳолидан хабар олди, моддий ва маънавий ёрдам берилди.

– Бир хонадонда 10 нафар оила аъзоларимиз билан бирга истиқомат қиламиз, – дейди нуроний онахон Турдигул Нуралиева. – Турмуш ўртоғимнинг белларидан қуввати кетган, бир нафар фарзандим ногирон, қолганлари ҳам ҳеч қаерда ишламайди. Бир-икки бош мол ва парранда боқиб ҳаммамиз кун кечирамиз. Яқинда уйимизга аскарлар келди-ю, ҳаммаси ўзгара бошлади. Тўғрисини айтсам, бўлаётган воқеалар тушга ўхшайди. Йигитлар келиб ҳовлимизни обод қилишди, томорқаларни баҳорга ҳозирлашга кўмаклашди, ўтинлар захирасини тўплашди, уйимизни оҳаклаб, кўркам аҳволга келтиришди. Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида эса ҳарбий округ қўмондонининг ўзи уйимизга келди. У билан бирга келганлар совға-саломлар олиб келишди. Озиқ-овқат маҳсулотлари, стол, стул, каровот, ўчоқ ва телевизор, невараларимга кийимлар беришди. Бир сўз билан айтганда ҳамма камчиликларимизни муҳайё қилишди. Уларга минг раҳмат, ҳарбийларимизнинг борига шукур. Бутун овулимиз аҳли уларни дуо қилиб, ҳаммасидан миннатдор бўлиб юришибди.

Шу ўринда уйида ёлғизланиб қолган ҳамюртларимизнинг ҳам ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммолари ўрганилмоқда. Жумладан, II гуруҳ ногирони Эркин ота Қуралбоев мана уч йилдирки уйидан узоққа чиқа олмайди. Бир ўзи ёлғизланиб қолган отахон меҳмонлар ташрифидан боши осмонга етди. Ҳарбий округ қўшинлари қўмондони совға-саломларни топшириб, отахон билан бир оз суҳбат қурди, уни қийнаб келаётган муаммоларини ўрганди. Ёғингарчилик мавсумида ота уйининг том қисмидаги айрим жойларидан чакки томар экан. Полковник Фарҳоджон Шерматов бу муаммони шу овулда аҳолига ёрдам бераётган ҳарбий хизматчилар томонидан тез кунларда ҳал қилинишига ваъда берди.

Жанадарьё овулидаги 19-сон мактабда Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг ёш ва умидли санъаткорлари иштирокида ташкил этилган концерт дастури барчага байрамона кайфият бағишлаб, аҳолининг маданий ҳордиқ олишини таъминлади. Ҳарбий хизматчилар томонидан мактабда қуриб берилган спортнинг Workout (кўча спорти) билан шуғулланиш учун майдонча эндиликда бу спортнинг олис манзилларда ҳам ривожланишига, оммалашишига хизмат қилади.

Нукус ҳарбий госпитали мутахассислари ҳам ушбу ҳайрия тадбирида фаол қатнашиб, бетоб бўлиб ётган юртдошларимиз хонадонларига ташриф буюрди. Уларнинг саломатлигидан хабар олиб, тиббий текширувлар ўтказди.

Шу куни эҳтиёжманд овул аҳли учун ҳарбий хизматчилар қўлбола ош дамлаб, ҳайру-эхсон қилишди. 

Бу каби ҳайирли ишлар Белтау овул аҳлини ҳам кенг қамраб олди. Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан меҳр-саховатга йўғрилган тадбирлар давом этади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1