Шуни маълум қиламизки, Дин ишлари бўйича қўмита Саудия Арабистони расмийлари ҳамда Ҳаж ва Умра ишлари бўйича Атташе билан мазкур масалада мунтазам алоқа ўрнатган. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати хабар берди.
Сўнгги кунларда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида 2021 йилги Ҳаж мавсумини ташкил этилиши билан боғлиқ турли хабарлар тарқалмоқда. Дин ишлари бўйича қўмита тарқалаётган хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида қуйидагиларни маълум қилди:
Биринчидан, ижтимоий тармоқларда “Муқаддас Хаж Сафарига расман рухсат берилди. Фақатгина хаж сафарига бормоқчи бўлганлар коронавирусга вакцина қабул қилган бўлишлари шарт” ва бошқа шу каби сарлавҳалар остида тарқатилаётган хабарлар ҳеч қандай расмий асосга эга эмас.
Иккинчидан, бу каби хабарларнинг тарқалиши ва турлича талқин қилиниши – Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирининг “Ҳаж мавсуми зиёратчиларини қабул қилишнинг асосий шарти – “COVID-19” га қарши эмлангани бўлади”, мазмунидаги интервьюсига асосланган.
Учинчидан, Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича Саудия Арабистони ҳукумати томонидан ҳозирга қадар ҳеч қандай расмий қарор эълон қилинмаган.
"Ҳурматли юртдошлар!
Ҳаж ва умра зиёратлари билан боғлиқ асосли маълумотлар Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали эълон қилинади.
Шу ўринда, юртдошларимиздан юқоридаги каби асоссиз ва чалғитувчи хабарларга ишонмасликларини сўраб қоламиз.
Ўз навбатида, ОАВ вакилларини аҳоли орасида турли тушунмовчилик келтириб чиқарадиган, текширилмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирамиз!",–дейилади қўмита ахборотида.