2021 йил 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.
Унда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Хусусан, Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилиниб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига қўшимча вазифалар белгилаб берилган эди. Мажлисда мазкур вазифаларнинг ижросига эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, қиз болани барвақт турмушга бериш ва қариндош-уруғлар ўртасида никоҳ қурилишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, жамиятда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тадбирларнинг самарадорлигини баҳолаш механизми ишлаб чиқилган.

Шу билан бирга, вилоятлар ва туман (шаҳар)ларда Хотин-қизлар ҳамда Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари, қолаверса, ҳар бир маҳаллада фуқаролар йиғинининг “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси”, “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмаси, “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ва “Бувижонлар мактаби” кенгашлари фаолияти йўлга қўйилган.

Аҳоли ва ёшлар ўртасида никоҳ ва оила ҳуқуқи, оила маънавияти, оила маърифати, ноқонуний никоҳ, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никохларнинг салбий оқибатлари тўғрисида ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот қилинди.

Шунингдек, мажлисда бу борада амалга оширилиши зарур бўлган ишларга урғу берилди. Мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.






