АсосийSiyosat

Aбдулазиз Камилов Покистон Бош вазири Имрон Хон билан учрашди

'Aбдулазиз Камилов Покистон Бош вазири Имрон Хон билан учрашди'ning rasmi

Бугун, 10-март куни Исломободда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг Матбуот хизмати маълум қилди.

Вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Бош вазири Имрон Хонга йўлланган мактубини етказди.

Музокаралар чоғида икки томонлама кун тартибининг муҳим жиҳатлари, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон-Покистон муносабатларини яна-да ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Минтақавий масалаларга, биринчи навбатда Aфғонистон заминида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.  

Шу нуқтайи назардан, Aфғонистон иқтисодиётини тиклашга ёрдам берадиган инфратузилма лойиҳаларини, жумладан, улар орасида энг муҳими Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўлини амалга ошириш юзасидан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида фикр алмашилди. Бу Покистоннинг Карачи ва Гвадар денгиз портларига кириш имконини беради. Ўз навбатида эса Ўзбекистон билан Покистон ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини оширишга имкон беради.

Мулоқот давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

    Бошқа янгиликлар