АсосийЖАМИЯТ

“Bukhara City”да эронликлар ҳам ўз бинолари қурилишини бошлашди

Қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳри марказида қад кўтараётган “Bukhara City” замонавий...

Қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳри марказида қад кўтараётган “Bukhara City” замонавий турар жой ва ишбилармонлик мажмуасининг кўркига кўрк қўшувчи яна иккита кўп қаватли хонадонлар мажмуи ўз эгасини топди.

Интернет тармоқлари орқали олиб борилган тарғибот ишлари жараёнида Эрон Ислом Республикаси фуқароси бўлган Алиризо Алиакбар Варшойи “Bukhara City” лойиҳасига қизиқиш билдирган ва тадбиркор билан дастлабки музокаралар онлайн тарзда олиб борилганди. Юртимизга катта қизиқиш билдириб, айнан Бухорода ўз бизнес лойиҳасини амалга оширишга қарор қилган тадбиркорнинг вилоятимизга ташрифи ташкиллаштирилди.

“Bukhara City” дирекциясида чет эллик сармоядор Алиризо Алиакбар Варшойини вилоят ҳокимининг Туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шаҳриёров қабул қилди ва ўзаро мулоқотда  кенг қамровли лойиҳаси тўғрисида инвесторга батафсил маълумот берилди. Шунингдек, юртимизда ўз ишбилармонлик лойиҳаларини амалга оширмоқчи бўлган хорижий тадбиркорларга яратилган шарт-шароит, солиқ ва божхона имтиёзлари эътибордан четда қолмади.

Ўз навбатида самимий қабул учун вилоят мутасаддиларига миннатдорлигини изҳор қилган Алиризо Алиакбар Варшойи “Bukhara City” кенг қамровли лойиҳасида иштирок этиш учун “SADAF HOUSE” МЧЖ фаолиятини бошлаш ташаббусини билдирди ва  расман “Bukhara City” ДУК дирекцияси билан ўзаро ҳамкорлик шартномасини тузди.

Қайд этиш лозимки, эронлик сармоядорга тегишли “SADAF HOUSE” МЧЖ томонидан “Bukhara City” мажмуасининг 35-лоти, яъни умумий майдони 12 минг 182 метр квадрат майдон тасарруфга олинди. Лот эгасига қўйилган талабларга биноан бу ерда, аниқроғи 6 минг 634 метр квадрат майдонда кўп қаватли аҳоли турар жойи қурилади. Бу иншоот бунёдкорлиги учун дастлабки ҳисоб-китобга кўра, умумий қиймати 3,2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши маълум қилинди. Эронлик тадбиркор Алиризо Алиакбар Варшойи ташаббуси билан замонавий услубда барпо этиладиган замонавий кўп қаватли иншоот “Bukhara City” мажмуаси кўркига кўрк қўшишига ишонч билдирилди.  

    Бошқа янгиликлар