АсосийЖАМИЯТ

ЖИБ Янгиҳаёт туман судида ўтган сайёр қабулда 11 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди (фото)

Аввал хабар берганимиздек, Янгиҳаёт туман судида Сирғали ва Янгиҳаёт туманлари фуқаро...

'ЖИБ Янгиҳаёт туман судида ўтган сайёр қабулда 11 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди (фото)'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, Янгиҳаёт туман судида Сирғали ва Янгиҳаёт туманлари фуқароларига керакли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов томонидан оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Унда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари (жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси) Акбарали Турабов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари (фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси) Шуҳрат Аббасов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари (иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси) Мақсудбек Саидов ва фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судларнинг раислари ва судьялари қатнашди. 

Шунингдек, туман сектор раҳбарлари – Янгиҳаёт туман ҳокими (1-сектор раҳбари) Ҳаёт Инагамов, Янгиҳаёт туман прокурори (2-сектор раҳбари) Азамат Азимов, Янгиҳаёт туман ИИБ бошлиғи (3-сектор раҳбари) Мурат Раимов, Янгиҳаёт туман ДСИ бошлиғи (4-сектор раҳбари) Акбархон Ибрагимов ҳамда Маданият вазирлигининг меҳнат органлари ходимларининг малакасини ошириш республика курслари директори Умар Султанов ҳам фуқароларнинг мурожаатларини ўрганишди.

Сайёр қабул давомида пробация ҳисобида турувчи назоратдаги 11 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди. Қолаверса, уларнинг 5 нафари иш билан таъминланди. 

“МЕҲНАТ ЯРМАРКАСИДА ИШ БИЛАН ҲАМ ТАЪМИНЛАНДИМ”

— Ёшим 31 да. Муқаддам 2 маротаба судланганман. ЖИБ Тошкент вилоят судининг ҳукмига кўра, 2018 йил 8 октябрда ЖКнинг 276-моддаси “а,б” бандлари билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганман. Сўнг 2019 йил 21 октябрда ЖИБ Яшнобод туман судининг ажрими билан ЖКнинг 74-моддасига кўра, ўталмай қолган муддатим аҳлоқ тузатиш жазоси ишларига алмаштирилган. Ўтган муддат давомида содир этган жиноий ҳаракатларимнинг якуни қандай оқибатларга олиб келишини тушуниб етдим. Қилмишларимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Бугун ташкил қилинган сайёр қабулда озодликни чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисидаги тақдимнома қаноатлантирилди. Менга берилган яна бир имконият ва ишончдан келгусида ижобий фойдаланаман. 

Шунингдек, сайёр қабул доирасида ташкил қилинган меҳнат ярмаркасида иш билан ҳам таъминландим. Тузалиш йўлига ўтганимни ҳалол меҳнатим билан пул топиб, жамиятга фойдаси тегадиган инсон билан исботламоқчиман.

“ОНАМ ҲАМ ҚАРИБ ҚОЛГАН, ФАРЗАНД СИФАТИДА У КИШИГА СУЯНЧИҚ БЎЛАМАН”

— Маъмурий назорат қоидаларини бузганим сабабли озодликдан маҳрум қилингандим. Меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганимни инобатга олиб, тайинланган жазони учдан икки қисмини ўтаганим сабабли бугунги сайёр қабулда қолган жазо муддатидан шартли равишда озод қилиндим. 

37 ёш бўлишимга қарамай, муқаддам 5 маротаба судланганман. Босқинчилик, транспорт воситасини олиб қочиш каби оғир жиноятларни содир қилганман. Бунга сабаб эса ёшлигимга бориб пулга қизиқиш. Аниқроғи, мактабда ўқиётган вақтимдан енгил йўл билан пул топаман, деб жиноят кўчасига кириб қолдим. Сўнгги бор 2018 йил қамалдим. Ёшлигим панжара ортида ўтганидан афсусдаман, қайтиб бу йўлга кирмайман. Сайёр қабул доирасида ташкил қилинган меҳнат ярмаркасида иш билан таъминлашди, жуда ҳурсанд бўлдим. Бундай буён пешона терим билан пул топиб, оила қуриб, тўлқонли оилада бахтли, ҳалол яшашни ният қилдим. Онам ҳам қариб қолган, энди фарзанд сифатида у кишига суянчиқ бўламан.

— Пробация ҳисобида турувчи назоратдаги 11 нафар шахсга нисбатан Янгиҳаёт туман Ички ишлар бўлими томонидан тақдимномалар келтирилган. Мазкур тақдимномалар сайёр қабулда ўтган очиқ суд жараёнида кўриб чиқилди. Назоратдаги ушбу шахсларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги, содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги инобатга олиниб, уларга суд томонидан яна бир имконият ва катта ишонч билдирилди. Ўйлаймизки, бу шахслар билан бошқа бу шароитда учрашмаймиз ва улар ўзларига билдирилган ишончни оқлаб, тўғри яшаш масъулиятини ҳис қилишади, - дейди жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди раиси Баҳром Ташпулатов. 

 

МАЪЛУМОТ УЧУН:

Эртага, 13 март куни соат 10.00 да “Г.Плеханов” номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳар филиали биноси (Тошкент шаҳар, М.Улуғбек тумани, Яланғоч мавзеси, Шаҳриобод кўчаси, 3-уй. Мўлжал: Мирзо Улуғбек туман ДСИ)да ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган Мирзо Улуғбек тумани фуқаролари муаммоларини аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш, керакли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар суди раиси Э. Ходжакулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У. Алмамедов томонидан ОММАВИЙ САЙЁР ҚАБУЛ ва САЙЁР СУД ўтказилади. Унда фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судларнинг судьялари ҳамда туман сектор раҳбарлари қатнашади.

Маълумот учун телефон: (71) 267-73-71

 

Cадоқат Аллаберганова

    Бошқа янгиликлар