Хабар берилганидек, бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Мажлисни олиб бораётган парламент юқори палатаси Раиси Танзила Нарбаева ўз нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жумладан, камбағалликни қисқартириш бўйича бошланган ишлар янада аниқ ва жадал тус олганини таъкидлади.
– Хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг изчил механизмлари жорий қилинди, – деди Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева. – Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Сенат Раиси бошчилигида Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Мазкур Кенгаш хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ комплекс масалаларни ҳал этишга масъул бўлади. Аёллар бандлигини таъминлаш, жумладан, жорий йилда 70 мингга яқин хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Қолаверса, аёлларимизнинг саломатлигини сақлаш бўйича долзарб вазифалар қўйилди. Йил якунига қадар 9 миллион аёл чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
Бундан ташқари, ёлғиз аёлларимиз ҳам алоҳида эътиборда бўлади. Уларнинг болаларини боғчага қабул қилиш ва тўловларини қоплаш борасида ҳам енгилликлар бўлади.
Яна бир жиҳат. Айни пайтда эҳтиёжманд аёлларимиз уй олиши учун бошланғич бадал пулини тўлаб бериш тизими мавжуд. Эндиликда бу борада қўшимча чоралар кўрилади. Ҳар бир ҳудудга 10 млрд. сўмдан маблағ ажратиш орқали уй-жойга муҳтож аёллар уй билан таъминланади.
Буларнинг барчаси аёлларимизнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, орзу-интилишларини рўёбга чиқариш ва ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатлардир, десак муболаға эмас.