Давлат бюджетига келиб тушадиган қатор маблағларнинг бир қисми “Ёшлар дафтари” жамғармасига йўналтирилади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров маълум қилди.
Қайд этилишича:
- Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджетларида шаклланган қўшимча манбаларнинг камида 15 фоизи миқдорида ҳар чоракда ажратилади;
- жиноят натижасида давлатга етказилган зарар, давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлар ҳамда давлат даромадига ўтказиладиган олиб қўйилган мол-мулкни сотишга оид ижро хужжатлари бўйича келиб тушган маблағларнинг бир қисми “Ёшлар дафтари” жамғармасига йўналтирилади;
- хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари жалб этилади;
- ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар бўлиши мумкин.
️“Ёшлар дафтари” жамғармаси юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари туман (шаҳар) ғазначилик бўлинмаларида алоҳида очилган шахсий ғазна ҳисобварақларида йиғилади ҳамда маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳисобот бўлимлари томонидан юритилади.
Маълумот учун: Бугунги кунда, “Ёшлар дафтари” жамғармаларига 144,8 млрд сўм. миқдорида маблағлар шакллантирилган бўлиб, шундан 117,5 млрд сўм. – ҳудудий ва маҳаллий бюджетларнинг орттирилган қисмидан, 26,6 млрд сўм. – мажбурий ундирувлар ҳисобидан ҳамда 710 млн сўм. – ҳомийлик маблағлари ҳисобидан шакллантирилди.