Давлат солиқ қўмитаси томонидан дастлабки аниқланган 396 та ва иккинчи босқичда аниқланган 129 та шубҳали корхона қаторига яна 53 та корхона киритилди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизматида хабар берилди.
Хабарга кўра, эндиликда уларнинг сони 578 тага етди. Тадбиркорлар ва аҳоли орасида қонуний бизнес юритишнинг нуфузини ошириш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қуватлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан фаолиятида солиқларни тўлашдан қочишнинг турли хил схемаларидан фойдаланганлик ҳолатлари кузатилган «шубҳали» корхоналар рўйхати янгиланди.
Бугунги кунда мазкур қўшимча аниқланган шубҳали корхоналарнинг контрагентлари томонидан асоссиз равишда ҳисобга олинган қўшилган қиймат солиғи суммалари таҳлил қилинмоқда. Таҳлил натижаларига кўра, ушбу шубҳали корхоналарни контрагентларининг шахсий кабинетлари орқали асоссиз ҳисобга олинган қўшилган қиймат солиғи суммасига тузатиш киритишлари тўғрисида хабарномалар юборилади.
Қайд этилишича, биринчи ва иккинчи босқичда аниқланган 525 та «шубҳали» корхона конрагентларида ҳозиргача 97 фоиз ҳолатда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачет)га олиш факти тасдиқланди. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг мурожаатлари асосида фаолияти шубҳали деб топилган корхоналар билан амалга оширилган битимларни ўрганиб чиқиш учун тезкор равишда камерал солиқ текширувлари ташкил этилмоқда.
Камерал солиқ текширувлари натижасида контрагентлар хатолари тасдиғини топган бўлса-да, уларнинг узлуксиз фаолият кўрсатишларига шароит яратиш мақсадида камчиликларини тан олган 275 та субъектга 38,6 миллиард сўмлик бюджетга тўланиши лозим бўлган суммаларни 2021 йил якунига қадар ҳар ой тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашига рухсат берилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш давом этмоқда.