АсосийSiyosat

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

'Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди'ning rasmi

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Маълум қилинишича, суҳбат давомида кўп қиррали Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларини янада кенгайтириш, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Пандемиянинг салбий оқибатларини тез фурсатда енгиб ўтиш мақсадида иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бунинг учун ўзаро савдо ҳажмини ошириш, қабул қилинган “йўл харитаси” доирасида саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда чегараолди туманларда самарали транспорт коммуникациялари ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш муҳим экани таъкидланди.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва таълим соҳаларида ҳукуматлар, манфаатдор идора ва ташкилотлар даражасида фаол алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

Суҳбат якунида давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган баҳорий айём – Наврўз муносабати билан бир-бирини самимий табриклаб, биродар халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг телефон орқали мулоқот ҳар доимгидек ишчан ва дўстона руҳда ўтди.

Бошқа янгиликлар