Ўзбекистонда асосан қайси соҳалардаги қонунбузилишлар тўғрисида мурожаатлар келаётгани маълум қилинди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати февраль ойи ҳисоботини тақдим этди.
Маълум қилинишича, агентликка 2021 йил февраль ойи давомида жами 491 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 404 таси кўриб чиқилган. Шунингдек, ҳозирда 87 та мурожаат кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, ушбу мурожаатларининг 29 таси ижобий ечимини топган, 61 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган ва 18 та мурожаат аноним деб топилган.
Хабарда қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тўртта тақдимнома, битта огоҳлантириш, 24 та сўровномалар киритилгани қайд этилган. Хусусан, битта мурожаат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, бир нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган, яна бир нафар фуқарога нисбатан маъмурий иш очиллган.
Агентликка февраль ойида қуйидаги соҳа ва йўналишлар бўйича жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлар келиб тушган:
- суд қарорларидан норозиликлар 69 та (14,1 фоиз);
- ер майдони ажратилмаётгани, ер низолари ва ер майдонлари талон-тарож бўлаётгани бўйича 47 та (9,6 фоиз);
- ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норозиликлар 44 та (9,0 фоиз);
- прокуратура органлари қарорларидан норозиликлар ва прокуратура органларига қилинган мурожаатлар ҳал бўлмаётгани бўйича 34 та (6,9 фоиз);
- айрим хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг хатти-ҳаракатларидан норозиликлар масаласида 30 та (6,1 фоиз).
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда Тошкент шаҳри бўйича 116 та, Тошкент вилояти бўйича 60 та, Сурхондарё вилояти бўйича 57 та, Самарқанд вилояти бўйича 53 та, Қашқадарё вилояти бўйича 41 та, Хоразм вилояти бўйича 33 та, Наманган вилояти бўйича 24 та, Жиззах вилояти бўйича 22 та, қолган ҳудудлардан эса жами 85 тадан тўғри келган.