Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов томонидан туманларда оммавий сайёр қабуллар ўтказиляпти. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди.




Бугун, 17 март санасида Учтепа тумани маданият ва спорт бўлими тасарруфидаги Маданият марказида ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган Учтепа тумани фуқароларини қийнаб келаётган муаммоларини аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш, керакли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида галдаги сайёр қабул ташкил қилинди.




Сайёр қабулда фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судларнинг раислари, судьялари ҳамда туманлар секторлари раҳбарлари қатнашди.



Сайёр қабулда жами 30 нафар фуқаро иштирок этди. Уларнинг мурожаатлари асосида 32 та масала юзасидан муаммолари ва уларни қийнаётган саволлар кўриб чиқилди.


Шундан, 15 та мурожаат қаноатлантирилиб, ижобий ҳал этилди. 8 нафар фуқарога эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 7 та мурожаат назоратга олинди.


Мурожаатлари ижобий ҳал бўлган фуқаролар томонидан ҳатто 5 та ташаккурнома ҳам келиб тушди.


Мурожаатлари тингланган фуқароларнинг:
- 15 таси жиноят ишлари бўйича;
- 10 таси фуқаролик ишлари бўйича;
- 3 таси маъмурий ишлар;
- 2 таси эса иқтисодий ишларга оид масалалар бўлди.








