АсосийЖАМИЯТ

ЖИБ Учтепа туман судида ўтган сайёр қабулда 10 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди (фото)

Аввал хабар берганимиздек, ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган Учтепа тумани фуқар...

'ЖИБ Учтепа туман судида ўтган сайёр қабулда 10 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди (фото)'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган Учтепа тумани фуқароларини қийнаб келаётган муаммоларини аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш мақсадида Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов томонидан оммавий сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди.

Унда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари (жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси) Акбарали Турабов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари (фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси) Шуҳрат Аббасов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари (иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси) Мақсудбек Саидов, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича, маъмурий ҳамда иқтисодий судларнинг раислари, судьялари қатнашди. 

Шунингдек, сайёр қабулда туман сектор раҳбарлари – Учтепа туман ҳокими (1-сектор раҳбари) Фарҳод Абдуллаев, туман прокурори (2-сектор раҳбари) А.Қораев, туман ИИБ бошлиғи (3-сектор раҳбари) С.Аҳмедов ҳам иштирок этишди.

Сайёр қабул давомида пробация ҳисобида турувчи назоратдаги 10 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди ва иш билан таъминланди. 

“СУД ВА ЯҚИНЛАРИМ МЕНГА БИЛДИРГАН ИШОНЧНИ ОҚЛАШИМ КЕРАК”

— Ёшим 56 да. 2016 йил ноябрда жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди томонидан ЖКнинг 273-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилганман. Натижада 7 йилга озодликдан маҳрум қилинганман. 2018 йилдаги ЖИБ Қарши шаҳар судининг ажрими билан ЖКнинг 74-моддасига асосан ўталмаган 4 йил 6 ой 6 кун озодликдан маҳрум қилиш жазо муддати ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди. 2018 йилдан Учтепа туманидаги ташкилотда ишчи, 2021 йилдан эса ҳайдовчилик қилиб, шу кунга қадар жазо ўтаб келдим. Жазо муддатини ўташ даврида ўзимни ижобий томондан кўрсатганим, тузалиш йўлига ўтганим учун ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиндим. 

Муқаддам ҳам судланганман, йўлдан адашиб, яна шу кўчага кириб қолдим. Муҳими ўзимга керакли хулоса чиқариб олдим. Панжара ортида ўтказган ҳар бир сониям фикрлаш ва озодликнинг қадрига етиш учун етарли бўлди. Икки нафар фарзандим, тўрт нафар набираларим бор. Оилам, яқинларим олдида уятлиман, қилмишимни оқламайман. Ота, бобо сифатида ҳаммага ўрнак бўладиган ёшимда аксинча ҳаракат билан бошим хам бўлади, деб ҳеч ўйламагандим. Бундан буён бу “кўча”га қайтиб кирмайман, чунки суд ва яқинларим менга билдирган ишончни оқлашим керак. 

“ҲЕЧ КИМГА БУ КЎЧАГА КИРИШНИ ТАВСИЯ ҚИЛМАЙМАН”

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман судининг 2019 йил 22 августдаги ҳукмига асосан ЖКнинг 273-моддаси 2-қисми билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган ва узил-кесил ўташлик учун 2 йил 11 ой 28 кун озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилинган 44 ёшли шахс ҳам сайёр қабулда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. У ҳам бошқа маҳкумлар сингари қилмишидан пушаймон:

— Оиламдаги муаммолар сабаб, гиёҳвандлик моддасини истеъмол қила бошлагандим. Кейин бир одам сўраганда унга ҳам чекиш учун бергандим. Ҳаракатларимнинг якуни бундай якун топиши сира хаёлимга келмаганди. У одам қўлга тушганда, гиёҳвандлик моддасини мендан олганини айтган...

Муаммодан ҳалос бўлишнинг ечими зарарли одатлар бўла олмаслигини англаб етдим. Доим етти ўлчам, бир кесиш, ақл билан фикрлаш керак экан. Ҳеч кимга бу кўчага киришни тавсия қилмайман, кейин худди мендек сўнгги пушаймон ўзингизга душман бўлмасин. Оилам, уч нафар фарзандим қилмишимни оқлашмасди, ўша вақт нафсимга қул бўлиб қолдим шекилли. Яна шу “ҳунар”ни такрорласам, бу гал ўзимни панжара ортида кўришимни яхши биламан. Ниятим бундан буён ҳалол меҳнат ва ёруғ юз билан яшаш. Билдирилган ишонч учун суд ва пробация ходимларига миннатдорлигимни билдираман. 

МАЪЛУМОТ УЧУН:

Эртага, 23 март куни соат 10.00 да Тошкент шаҳар Ёшлар маркази биноси (Талабалар шаҳарчаси Университет кўчаси, 2-уй)да ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган Олмазор тумани фуқаролари муаммоларини аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш, керакли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар суди раиси Э. Ходжакулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У. Алмамедов томонидан САЙЁР ҚАБУЛўтказилади. Унда фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судларнинг судьялари ҳамда туман сектор раҳбарлари қатнашади.

Маълумот учун телефон: (71) 230-27-38, (71) 230-27-53 

    Бошқа янгиликлар