2021 йилнинг 18 март куни соат тахминан 07:53 да Каттақўрғон-28 разезд темир йўл бекатлари оралиғининг 3803-километр 7-пикетида «Qushbegi» маҳалласида яшаган, 35-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Э.Б.ни юк поезди уриб юборган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.
Фуқаро Э.Б. темир йўлда ҳаракатланиб келаётган юк поездини ўтказиб, кейин йўлда давом этиш учун темир йўл ёнида турган. У орқадан келаётган синфдошларини кутиб турганида ён сўмкаси юк поездига тегиб, поезд уни судраб кетган. Натижада ўқувчи бош қисмидан жароҳат олиб, туман марказий шифохонасига ётқизилган. Олиб борилган тиббий муолажаларга қарамай, шу куни вафот этган.
Мазкур ҳолат маҳалла ва таълим муассасасида жамоатчилик иштирокида муҳокама этилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилоят ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси темир йўлда ҳаракатланадиган йўловчилар ва ҳайдовчиларни темир йўлда хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга, диққат ва эътиборли бўлишга чақиради.